Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги “Қамсариқ” овул фуқаролар йиғинида 7 минг 100 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Овулда 5 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим ташкилоти, бир қанча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, оилавий шифокорлик пункти фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 61 та деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик янада бошқа соҳаларга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ташкил қилинган.

Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш борасида ҳудудда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан жорий йилда 122 нафар фуқарога тадбиркорлик, ҳунармандчилик, балиқчилик, асаларичилик, боғдорчилик, деҳқончилик ва хизмат-кўрсатиш соҳалари билан шуғулланиши учун “Online mahalla” платформаси орқали 1 миллиард 910 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Шунингдек, овулда томорқачилик яхши йўлга қўйилган бўлиб, аҳолининг аксарият қисми томорқадан қўшимча даромад манбаи сифатида фойдаланади.

Нуроний Тенелбай Бекимбетов ер билан тиллашган омилкорлардан.

У 6 сотихли томорқасида помидор, сабзи, картошка, булғор қалампири, узум каби мева-сабзавотлар етиштириб, ҳар йили 7-8 миллион сўм даромад олади. Шунингдек, томорқасида иссиқхона ҳам ташкил этган. Йил бўйи дастурхонидан сархил ноз-неъматлар аримайди.

ЎзА фотомухбири

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар