6 сентябрь – Халқаро кураш куни
Қадриятлар офтобга ўхшайди. Унинг зиёсидан олам мунавварликка бурканади. Унга талпинган, оҳанрабосига ошуфта бўлганларнинг йўллари ҳамиша ёруғ бўлади. Зотан, улуғ бобокалонларимизнинг маънавий сарчашмаларидан баҳрамандлик ҳам қуёшнинг меҳру-муҳаббати каби туганмас хазинадир.
Кураш ҳам халқимиз тарихи, ота-боболаримиздан мерос қадриятларнинг бир қисми ҳисобланади. Бугун, 6 сентябрь – Халқаро кураш куни. Кураш – замонавий спорт тури сифатида эътироф этилган кун.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан Халқаро кураш ассоциацияси ташкил топган кун — 6 сентябрни Халқаро кураш куни сифатида кенг нишонлаш белгиланган.
Асрлар давомида халқимизнинг энг оммавий миллий ўйинлари қаторида эъзозлаб келинган кураш 3 ярим – 4 минг йиллик тарихга эга. Қадимда фақатгина анъанавий маросим ва байрамларда миллий ўйин шаклида мавжуд бўлган, аммо муайян спорт тури сифатида эътироф этилмаган. Мустақилликка эришганимиздан сўнг курашни алоҳида спорт турига айлантириш ва уни халқаро майдонда ривожлантириш имконияти пайдо бўлди.
Яккакураш турлари таҳлили, миллий қадриятларимизнинг моҳияти, шаклланиш тамойилларини ўрганиш, мутахассислар билан маслаҳатлар натижасида дзюдо ва самбо бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, халқаро турнирлар ғолиби Комил Юсупов халқаро спорт талабларига жавоб берадиган Курашнинг замонавий спорт қонун-қоидаларини ишлаб чиқди. Унинг либоси, вазн тоифалари, мусобақаларни ташкил этиш тизими яратилди. Бу қоидалар 1991 йилнинг 17 сентябрида “Спорт” газетасида “Ўз тилимиз, ўз курашимиз бор” номли мақола остида чоп этилди.
1991 — 1998 йиллар мобайнида Осиё, Европа, Америка, Африка қитъаларининг қатор давлатларида курашни халқаро спортга айлантириш мақсадида унинг қонун-қоидалари тарғиб қилинди. 1998 йил 6 сентябрь куни Тошкентда дунёнинг 28 давлати вакиллари иштирокида ўтказилган таъсис конгрессида Халқаро кураш ассоциацияси (IKA)га асос солинди.
1999 йилдан шу кунгача Ўзбекистон, Туркия, Венгрия, Арманистон, Мўғулистон, Франция, Англия, Германия, Руминия, Украина, Эрон, Россия, Доминикан Республикаси, Ҳиндистон каби юзлаб мамлакатларда чемпионатлар, халқаро турнирлар ўтказиб келинмоқда. Бу, дунёда Ватанимизнинг улуғланишига, миллий қадриятларимизнинг қадрланишига хизмат қилмоқда. Энг асосийси, кураш орқали халқлар ўртасида дўстлик, бирдамлик, тинчлик ғоялари тарғиб қилинишига сабаб бўлмоқда.
Ўз спорт турини Олимпиада ўйинларида кўришни истамаган халқ, мамлакат бўлмаса керак. Хитойликлар у-шуни, таиландликлар муай-тайни, японлар каратэни, россияликлар самбони жаҳон спорти чўққисида бўлишини орзу қилганидек, курашни ёзги Олимпия ўйинларига киритиш халқимизнинг буюк орзуси.
Осиё ўйинлари саҳнасига кураш 2002 йили кўтарилди. Шу йили Пусанда ўтган ёзги Осиё ўйинларида кўргазмали чиқиш амалга оширилди. 2003 йили ООК Низомининг 59-бандига ўзгартириш киритилиб, кураш Осиё спорти, дея эътироф этилди. 2006 йилнинг декабрь ойида Қатарнинг Доҳа шаҳридаги ёзги Осиё ўйинларида, 2007 йил ноябрда Макаодаги ёпиқ иншоотлардаги 2-Осиё ўйинларида, 2009 йили Вьетнамнинг Ханой шаҳрида ўтган ёпиқ иншоотлардаги 3-Осиё ўйинлари ва Таиландда яккакурашлар бўйича ўтказилган Осиё ўйинларида кураш мусобақалари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш тўғрисидаги бир қатор қарорлари эълон қилинди. Ушбу тарихий ҳужжатлар ва эътибор мардлик, бағрикенглик, олижаноблик ва ҳалоллик тимсоли сифатида эъзозланиб келинган миллий спортимизни янада ривожлантиришга муҳим омил бўлмоқда. Давлатимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши натижасида «Кураш», «ҳалол», «таъзим», «тўхта», «ёнбош» каби соф ўзбекона сўзлар халқаро спорт терминлари луғатидан ўрин эгаллади.
2017 йил 20 сентябрда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида Кураш ХVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига киритилди.
Миллий ғуруримиз бўлган кураш бўйича ўнлаб мамлакатларда ўтказилаётган мусобақаларда иштирок этаётган дунё ёшлари соғлом турмуш тарзига ошно бўлаётгани Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига нодир бир хазина туҳфа этганидан далолатдир. Тили, эътиқоди бошқа-бошқа бўлган ёшлар Ўзбекистон байроғидан жило олган спорт либосида мамлакат, қитъа, жаҳон чемпионлигига эришаётгани бунинг ёрқин тимсолидир.
Т.Рўзиев, Муҳаммад Амин (сурат)
ЎзА