ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикасидаги “Қизил озек” овул фуқаролар йиғини  Чимбой туманининг энг олис ҳудудида жойлашган. Овулда аҳоли турмуш фаровонлигини ҳамда ҳудуд инфраструктурасини яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Кейинги йилларда овулда кўча ва хиёбонлар ҳамда бир қатор ижтимоий объектлар қиёфаси яхшиланиб, аҳолини электр энергияси, ичимлик суви, суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар олиб борилди. Шунингдек, ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кам таъминланган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш масаласига доимий эътибор билан ёндошилаётир.

Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида 110 нафар фуқарога оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш ва ўзини ўзи банд қилиши учун жами 2 миллиард 292 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди. Шундан 45 фуқаро савдо ва хизмат кўрсатиш, 2 нафар фуқаро боғдорчилик, 5 фуқаро иссиқхона ташкил этиш, 13 фуқаро маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, 37 фуқаро паррандачилик, 4 фуқаро тикувчилик ва яна 4 фуқаро қишлоқ хўжалиги соҳаси билан шуғулланиш истагини билдирган.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА