Нукусда ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган «Yangi Nafas» оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.
“Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” ягона шиори остида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов барча ёшдаги профессионал спортчиларни, соғлом турмуш тарзи ихлосмандларини байрам билан табриклади ва спорт мусобақасига старт берди.
Таъкидланганидек, ушбу ижтимоий ҳаракат аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини рағбатлантиришга қаратилган. Мусобақада 4 минг 500 нафардан зиёд иштирокчи белгиланган 3 километрлик масофани босиб ўтди.
Ўғил болалар ўртасида Рашид Искандаров биринчи, Есенгелди Тлеуимбетов иккинчи, Диёрбек Шамуратов учинчи, қизлар ўртасида Анастасия Сологуб биринчи, Мадина Оринбаева иккинчи, Динара Озодова учинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, имконияти чекланган иштирокчилар орасида Сардор Рўзимов, Айнура Турсинбаева финишга биринчи бўлиб келди.
Мусобақада ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совринлар билан тақдирланди.
Лойиҳа доирасида хайрия оммавий югуриш мусобақалари, спорт тадбирлари, байрам дастурлари, турли кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА