Украинага кассетали ўқ-дори етказиб бериш жамоатчиликда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Изуми Накамицу Хавфсизлик кенгашида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги ойларда Украинага қурол-яроқ ва ўқ-дори етказиб бериш ҳажми ортиб боряпти.
“Таъкидлашни истардимки, кассетали ўқ-дори етказиб бериш ва ушбу қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ хабарлар чуқур ташвиш уйғотмоқда”, деди Накамицу.
БМТ Бош котиби вакили Стефан Дюжаррик аввалроқ “бундай турдаги қуролдан воз кечиш ва кассетали ўқ-дорини ўтмишда қолдиришга” чақирган эди.
7 июль куни Президент Жо Байден оддий аслаҳа тақчиллиги туфайли Украинага кассетали ўқ-дори етказиб бериш тўғрисидаги қарорини эълон қилган. Бир ҳафта ўтмасдан, қурол воситалари Киевга етиб боргани ҳақида хабар тарқалган.
АҚШ мудофаа вазири матбуот котиби генерал Патрик Райдер брифинг чоғида Қўшма Штатлар Киевга етказиб берилган кассетали ўқ-дорига доир техник маълумотни ошкор қилмайди, дея баёнот берган.
ЎзА