Япония Бош вазири Фумио Кисида, АҚШ ва Жанубий Корея Президентлари Жо Байден ва Юн Сок Ёль уч томонлама саммит ишида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш ва Хитойни тийиб туриш учун ҳамкорлик бўйича келишиб олишни режалаштиришмоқда. Бу ҳақда “Nikkei” газетаси хабар берди.
Нашр қайд этишича, уч давлат муносабати “тарихий жиҳатдан Шимолий Кореянинг ядровий ракета дастурига қарши қаратилган”.
“Жума куни бўлиб ўтадиган саммит Хитойни сиқувга олиш ва иқтисодий хавфсизликни қамраб олган шерикликни кенгайтиришни назарда тутади”, деб ёзган газета.
Бундан ташқари, етакчилар Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Глобал тарзда Жануб мамлакатларини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини тасдиқлаши кутилмоқда. Гап Жанубий-шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси аъзолари ва Тинч океани минтақасидаги орол давлатлари ҳақида бормоқда.
Кисида, Байден ва Юн Сок Ёль уч томонлама саммит ишида сув ости кемаларига қарши мунтазам машқ, ракетага қарши мудофаа соҳасида манёвр ўтказишга келишиб олади. Шунингдек, томонлар йил охиригача реал вақт режимида КХДРнинг ракета учириши бўйича маълумот алмашишга ўтиши масаласи муҳокама мавзуси бўлади. Киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мавзуси ҳам давлат раҳбарлари саммити кун тартибидан ўрин олган.
Япония, АҚШ ва Жанубий Корея уч томонлама учрашуви бугун, 18 август куни Америка етакчисининг Вашингтон яқинидаги Кэмп-Дэвид қароргоҳида бўлиб ўтади.