БМТнинг 2023 йилги Барқарор ривожланиш мақсадлари индексида Ўзбекистон 8 поғонага кўтарилиб, дунёнинг 166 давлати орасида 69-ўринни эгаллади. Бугун Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича тажрибаси бутун дунёга намуна сифатида тақдим этилмоқда.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори вазифасини бажарувчи  Консуэло Видал Брюс учрашувида бу алоҳида қайд этилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентнинг ролига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар ижроси устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида 2020 йилдан бери барқарор ривожланиш соҳасидаги муаммолар ва бажарилаётган ишларнинг бугунги ҳолати тизимли равишда парламент комиссияси томонидан ўрганиб борилмоқда.

Тегишли чора-тадбирлар доимий равишда амалга ошириб келинмоқда. Парламентга киритилаётган қонунлар Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғунлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқилаётгани алоҳида қайд этилди.

Суҳбат чоғида 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясининг Олий даражадаги ҳафтаси доирасида бўлиб ўтадиган Барқарор ривожланиш мақсадлари саммитига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилди.

Олий даражадаги саммит БРМга эришишда жадал тараққиётнинг янги босқичини бошлаб беради ва 2030 йилга қадар даврда кун тартибидаги вазифаларни амалга ошириш учун халқаро ҳамжамият,  миллий ҳукуматлар, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ҳамкорларнинг ўзаро конструктив мулоқоти натижасида юқори даражадаги сиёсий мажбуриятларга эришишни мақсад қилган.

Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА