Хабар берганимиздек, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри мезбонлигида ўтаётган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида мамлакатимиз спортчилари юксак натижаларни қайд этмоқда.

Бугун, 2 август куни 81 килограмм вазн тоифасидаги баҳсларда спортчиларимиз муваффақиятли иштирок этиб, медалларга сазовор бўлди. Улар шарафига қитъа чемпионатида байроғимиз кўтарилиб, юртимиз мадҳияси баралла янгради.

Ўсмирлар ўртасидаги баҳсда иштирок этган Диёрбек Эрматов даст кўтариш машқида 145 кг (139х 139 145), силтаб кўтаришда 174 кг (167 174 177х) ва иккикураш натижасига кўра 319 кило натижа билан Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

Ушбу вазн тоифасида ёшлар ўртасида беллашган терма жамоамиз аъзоси Нурсултон Эсбергенов даст кўтариш машқида ўз уринишларидан унумли фойдаланган ҳолда 154 килограмм кўрсаткич билан рақибларини ортда қолдириб, олтин медаль эгасига айланди.

Силтаб кўтаришда Нурсултон ирода кўрсатиб, 178 килолик тошни бўйсиндирди ва кумуш медаль соҳибига айланди. Иккикураш натижасига кўра, юртдошимиз 332 килограмм натижа қайд этган ҳолда Осиё чемпионатининг олтин медаль соҳибига айланди.

Эришилган ғалабалар эвазига Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг умумий медаллари сони 24 тага етган бўлса, шундан 7 таси олтин, 9 таси кумуш ва 8 таси бронза медалларидир.

Чемпионат 5 августгача давом этади.

Т.Рўзиев,  

ЎзА