Жорий йил 7 июлда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Фахримиз ва ифтихоримиз рамзи ҳисобланган давлат байроғини қўллаш мумкин бўлган ҳолатлар сони янада кўпайди. Эндиликда, давлат байроғига нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда, ундан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек, уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкин. Ушбу йўналишда қонунчиликка киритилган ўзгартириш божхона органлари ходимлари томонидан кўтаринки кайфиятда кутиб олинди.
Бугун ҳатто энг олис ҳудудларда жойлашган божхона ходимларининг хизмат уйларига ҳам давлат байроғи ўрнатилмоқда. Мамлакатимизнинг “Шимолий дарвозаси”, Нукус шаҳридан 450 километр масофада жойлашган “Қорақалпоғистон” темир йўл ва “Довуд-ота” чегара божхона постлари ҳудудидаги хизмат уйларига давлат байроқларини ўрнатиш тадбири том маънода катта тантанага айланиб кетди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи Илҳомбек Казаков тадбирни очиб, йиғилганларни ташкил этилган тадбир билан самимий қутлади.
“Қорақалпоғистон” темир йўл бекатида жойлашган хизмат уйида ўтказилган тантана маҳалла учун катта байрамга айланиб кетди. Маданият ходимларининг чиқишлари эса тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
–Ҳар гал уйимизга кирганимизда байроққа кўзимиз тушиши, Ватан олдидаги бурч ва хизмат вазифаларимизга янада катта шижоат билан ёндашишимизга ундайди, – дейди божхоначи Икрам Аширбеков. – Осуда осмон остида мангу ҳилпираётган байроқларимиз бугунги тинч замонамизга шукрона айтишга ундаётгандек гўё. Зеро, ушбу тинчлик замирида ҳам қалқонларимизнинг бетиним меҳнати, жасорат ва заҳматлари мавжуд.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.