Республика бўйича жами 89 та давлат олий таълим муассасаси ҳамда уларнинг ҳудудлардаги 29 та филиал ва факультетларига 1 миллион 18 минг 7 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилди. Уларнинг 948 минг 486 нафари тест синовида иштирок этиши белгиланди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бошқарма бошлиғи Абдуваҳоб Ҳайитовнинг сўзларига кўра, кириш тест синовларини очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида кенг жамоатчилик орасидан 3  минг 500 нафарга яқин номзод гуруҳ назоратчиси сифатида жалб этилади.

Шунингдек, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентларни сурдотаржимон хизматлари билан таъминлаш мақсадида 127 нафар сурдотаржимон билан шартнома тузилди.

2023/2024 ўқув йили қабулида хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Андижон давлат чет тиллари институти, Наманган давлат чет тиллари институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига ҳамда Тошкент давлат педагогика университети, Қўқон давлат педагогика ва Нукус давлат педагогика институтларининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган ижодий имтиҳонлар ўтказилиши белгиланган. Жорий йилда мазкур таълим йўналишларига ўқишга кириш учун 20 мингдан зиёд абитуриент рўйхатдан ўтган.

Имтиҳонлар абитуриентларга қулай бўлиши учун барча ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)да ташкил этилди ва абитуриентлар ўзлари танлаган ҳудудда имтиҳонларда иштирок этди.

Имтиҳонлар икки босқичда ташкил этилиб, унинг 1-босқичи 17-20 июль кунлари электрон тарзда, 2-босқичи (ёзма қисми) эса 21-23 июль кунлари қоғоз шаклда бўлиб ўтди.

Мазкур имтиҳонларда абитуриентларнинг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмалари синовдан ўтказилди. Имтиҳонлар 12 та чет тили — инглиз, немис, француз, испан, хитой, корейс, япон, ҳиндий, турк, араб, форс ва уйғур тиллари бўйича ташкил этилди ва чет тилларни билишнинг B1 даражаси бўйича бўлиб ўтди.

Ҳозирда имтиҳон натижалари ҳисобланмоқда. Имтиҳон натижаларини ҳисоблаш олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига қадар якунланади ва натижалар абитуриентларнинг шахсий кабинетида эълон қилинади.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА