ЭШҚОБИЛ ШУКУР
«Эй йўловчи, бўлақол қўноқ…»
Абдулла Орипов
Йўловчи, айт, қизғин дийдорлар қайда,
Бир саволга толдим, дардимни айта,
Бу кўҳна йўлларда биз яна қайта,
Кўришамизми ё кўришмасмизми?
Бу йўл осмон билан туташган йўлдир,
Унда келувчидан кетувчи мўлдир,
Сен менга бир иссиқ табассум қолдир,
Кўришамизми ё кўришмасмизми?
Узрлиман таниш-нотанишлардан,
Кимга наф тан олиш ё тонишлардан,
Бир ҳовуч қор қолдир менга қишлардан,
Кўришамизми ё кўришмасмизми?
Бу йўл икки дунё туташган йўлдир,
Йўловчи, ҳориган кўнглимга қўл бер,
Менга биттагина ширин сўз қолдир,
Кўришамизми ё кўришмасмизми?
***
Азал дафтарида не ғам, не тараб,
Қандай ажр бордир ё қандай жазо?
Мунча безовтасан, эй булбули таъб,
Қара, пойингга гул тўшамиш жавзо.
Гарчи бир бош узра минг битта савол,
Ҳукмлар забтида жонлару шонлар.
Лекин сен титрама, эй қизғалдоқҳол,
Сенга деб шудринглар йиғмоқда тонглар.
Шафақларга боқиб чекмагил андуҳ,
Умрим беш кунлик деб кўтарма фарёд.
Шу беш кун ҳаққига, эй капалакруҳ,
Сенга деб бир боғни тиклабди ҳаёт.
ОЛАПАР
Олапарни шундоқ кўзим олдида
Отдилар — дўстини болалигимнинг…
Онам ўргатгандай: «Рози бўл» дедим,
Шу илк бор розилик сўрашим менинг.
Жигарранг, аламли кўзларин тикиб,
Олапар видолар айтаркан бесўз…
Бирдан ўқ отилди. Ортга бурилдим –
Елкамга қадалиб қолди икки кўз.
Йиллар ўтиб кетди. Ўз ўтмишим бор –
Кечганим гоҳ душман, гоҳо дўст билан.
Мен энди қарайман болалигимга
Елкамга қадалган бир жуфт кўз билан…
***
Менинг муҳаббатим нимага арзир,
Нимага арзирди ёниб-куйганим.
Меҳр бу суннатдир, меҳр бу фарздир,
Сени Худо суйсин, менинг суйганим.
Мен бир куйинчагинг, тиловчинг, холос,
Сенга йўламасин мендаги қайғу.
Мендан бу дунёга бир ният мерос,
Сени Худо суйсин, обод бўл мангу.