Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шодмонов бошчилигидаги делегация Туркияда, Истанбул Медипол университетида бўлди.

Сафар давомида олий ўқув юрти ректори профессор Омер Жеран билан икки томонлама муносабатнинг жорий ҳолати атрофлича муҳокама этилди.

ТТАнинг 2022 йил йўлга қўйилган мазкур хорижий таълим муассасаси билан ҳамкорлиги шу йил имзоланган меморандум билан мустаҳкамланган. Шериклик самараси ўлароқ, “Катталар ва болалар бўғим касалликларига замонавий ёндашув” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуманда ҳамкор олий ўқув юртлари клиникасидан бир гуруҳ ортопед-шифокорлар иштирок этди. Тадбир сўнггида ТТА қошида мазкур университет ваколатхонаси очилди. Бу галги учрашувда эса тиббий таълим йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида йўл харитаси имзоланди. Ҳужжатга кўра, жорий йил юртимизда Ўзбекистон – Туркия соғлиқни сақлаш форумини ўтказиш, педагог ходимлар малакасини ошириш ва талабалар академик мобиллигини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Мулоқот якунида Истанбул Медипол университети қошида ТТА ваколатхонаси очилиб, ректор А.Шодмоновга университетнинг “Фахрий профессор”и унвони берилди.

ЎзА