Бу Ўзбекистонга ҳам таъсир қиладими?
Россия бугун, 18 июлдан бошлаб Дон йўлаги келишуви тўхтаганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Х бандига мувофиқ, Россия томони келишув узайишига эътироз билдирмоқда. Бу ҳақда Туркия ва Украина томони ҳамда БМТ Котибияти расман хабардор қилинган.
Дунё бўйлаб буғдой экспортининг 30 фоизи, маккажўхори экспортининг 20 фоизи ва кунгабоқарнинг 76 фоизи Украина ва Россия ҳиссасига тўғри келади.
Ўтган йил 22 июлда Россия, Туркия, Украина ва БМТ вакиллари томонидан имзоланган мазкур ташаббус Украина дон ва озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, Қора денгиз орқали учта порт, жумладан, Одессадан ўғит экспорт қилишини назарда тутади. Кемалар ҳаракатини Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштириш маркази мувофиқлаштиради.
Путин таъкидлашича, Ғарб Украина донининг кўп қисмини муҳтож Африка давлатларига эмас, балки ўз давлатларига экспорт қилади. Дон ташаббуси пакетли битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Иккинчи қисм – уч йилга мўлжалланган Россия – БМТ меморандуми РФнинг озиқ-овқат ва ўғит экспортини блокдан чиқаришни назарда тутади. Асосий вазифалар қаторида “Россельхозбанк”ни SWIFT тизимига қайта улаш, қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб беришни қайта тиклаш, эҳтиёт қисм ва хизмат, Тольятти – Одесса аммиак қувурини тиклаш ва бошқа қатор тадбирлар бор. Россия томони вакиллари таъкидлаганидек, пакетли келишувнинг ушбу қисми ҳозирча бажарилмаган.
Аввалроқ Россия Президенти Жанубий Африкалик ҳамкасби Кирил Рамафоса билан суҳбатда Россия озиқ-овқат ва ўғит экспорти йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича мажбурият бажарилмаганини маълум қилганди. Суҳбат чоғида Путин келишувдан кўзланган асосий мақсад, яъни муҳтож давлатлар, жумладан, Африка қитъасига дон етказиб бериш амалга оширилмаганини таъкидлади.
Юзага келган ҳолат Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонга Россиядан буғдой импорти бўйича чеклов йўқ. Бундан ташқари, биз Россия буғдойини, деярли, сотиб олмаймиз. Масалан, январь ойида мамлакатга 26,8 минг тонна буғдой кириб келган, шунинг 99,2 фоизи Қозоғистон ҳисобига тўғри келди.
РФдан январь ойида 152 тонна буғдой импорт қилинган, бу умумий ҳажмнинг 1 фоизидан ҳам кам.
ЎзА