Олимлар Истанбул шаҳри ва Мармара денгизи ҳудудида магнитудаси 7 ёки янада юқори кучли зилзила рўй бериш эҳтимоли мавжудлигини таъкидламоқда. Навбатдаги ер қимирлаши мамлакат иқтисодиётига кучли салбий таъсир кўрсатади, деди Истанбул мэрияси Зилзила бўйича олимлар кенгаши аъзоси Холиқ Эйидўған «РИА Новости»га берган маълумотида.

ОАВ жорий ҳафта яна бир бор олим Нажи Гёрурнинг Истанбулда йирик зилзила рўй бериши эҳтимоли борлиги ҳақидаги гапларини эълон қилди. Шимолий Онадўли ёриғининг бир тармоғи Мармара денгизидан, аниқроғи Истанбул соҳилидан ўтган.

– Ҳисоб-китобга кўра, шу ёриқ фаоллашадиган бўлса, ер жуда кучли қимирлайди, – дейди Эйидўған. – 2030 йилгача ушбу зилзила эҳтимоли 50 фоиз экан. Минтақадаги сейсмик ҳолат билан боғлиқ 2000 йиллик тарихни ўрганиш, геофизик ва сейсмик тадқиқотни таҳлил қилиш натижасида шундай хулосага келинган. Нажи Гёрурнинг баёнотида ҳеч қандай янги гап йўқ, олимлар вақти-вақти билан жамоатчиликни бундай таҳдиддан огоҳ этиб туради. Мақсад одамларни қўрқитиш эмас, аксинча, биз шунчаки, одамлар фалокатга тайёргарлик кўриб қўйиши, ҳукумат эса эҳтимолий зарарнинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши зарурлигини эслатмоқчимиз. Бутун Туркия зилзиладан кўриладиган салбий иқтисодий таъсирни ҳис қилади, чунки Истанбул мамлакат ЯИМнинг 35 фоизини таъминлайди. Мармара денгизида рўй берадиган зилзила бир йўла етти вилоятга таъсир кўрсатади. Аҳолиси 25 миллион кишидан зиёд ушбу минтақа қанчалик зарар кўришини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Туркия ҳукумати аҳолини Истанбулнинг сейсмик фаол бўлмаган туманларидаги бир ярим миллион квартирага жойлаштиришни режа қилмоқда. Истанбул мэри, мухолифатчи Акром Имомўғли ушбу режани танқид қилиб, шундоқ ҳам шаҳар аҳолиси ҳаддан ортиқ зичлигини таъкидлаган.

У аввалроқ зилзилага тайёргарлик кўриш бўйича шаҳар мэрияси тайёрлаган режани тақдим этган. Ҳужжатда таъкидланишича, ер барибир қимирлайди, лекин табиий офат айнан қачон юзага келишини айтиш мушкул. Шаҳар мэрияси ҳисоб-китоби бўйича, агар 7,5 магнитудали зилзила рўй берса, камида 90 минг бино қулайди, тахминан 4,5 миллион фуқаро муваққат турар-жойга муҳтож бўлиши мумкин.

Апрель ойида Президент Режеп Таййип Эрдоған сейсмик хавфли туманлардан одамларни кўчириш учун Истанбул канали соҳилида «захира» шаҳри қуриш режалаштирилаётганини айтган.

Маълумки, жорий йил 6 февралда Туркиянинг жануби-шарқий вилояти Қаҳрамонмарашда 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзила кузатилган. Ерости силкиниши, кейинчалик афтершок билан 11 вилоятда, ҳатто, қўшни мамлакатларда, жумладан, Сурияда қайд этилган. Сўнгги маълумотга кўра, фалокат Туркияда 55 минг кишининг ёстиғини қуритган.

 

С.Раҳимов, ЎзА