Фарғона шаҳрининг Мустақиллик шоҳ кўчасида Қозоғистоннинг «Q4 Tulpar» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Тулпор” автомобиль савдо уйи иш бошлади.

Очилиш тадбирида Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат раҳбарларининг юксак сиёсий иродалари ва эзгу ташаббуслари билан икки давлат ўртасидаги ўзаро иқтисодий алоқалар тобора кучайиб бораётгани алоҳида қайд этилиб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар ўзининг катта натижаларини бераётганига эътибор қаратилди.

«Q4 Tulpar» компанияси асосчиси Талгат Сакан ҳамда маҳаллий ҳамкор Улуғбек Пайғамов биргаликда ташкил этган автомобиль савдо уйида янги автомобилларни сотиш билан бирга, фойдаланилган автомобилларни сотиб олиш, сотиш, Trade-in тамойили асосида эски машинани янгисига алмаштириш, шунингдек, кенг кўламли сифатли техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Қулай харидни амалга ошириш учун автосалонда банк филиали фаолияти йўлга қўйилган, шунингдек, нотариус идораси ҳам жойлашган.

Қозоғистонда 14 филиали мавжуд бўлган Q4 Tulpar компанияси, эндиликда Ўзбекистон бозорига ҳам кириб келмоқда ва яқин даврда Қўқон шаҳрида ҳам филиал очишни режалаштирган. Кейинчалик, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарларга ҳам компания фаолиятини йўлга қўйиш режа қилинган. “Тулпор” автомобиль савдо уйининг иш бошлаши натижасида қирққа яқин доимий иш ўрни ташкил этилди. Ходимлар фаолият бошлашдан аввал Олма-отадаги Q4 Tulpar автосалонларида амалиёт ўтаб қайтишди. Очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.

М.Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА