Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланиб, нуфузи ошиб бормоқда. Кўплаб мамлакатларнинг, хусусан, Туркия, араб давлатларининг етакчи фирма ва компаниялари юртимизга тўғридан-тўғри сармоя киритишга қизиқиш билдирмоқда.

Яқин Шарқ бизнес уюшмаси бош директори (Туркия) Мустафo ГУВEНЧ Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги хусусида ўз фикрларини билдирди:

— Тўғрисини айтганда, бугун дунё сув юзидаги хасдек ҳар лаҳза чайқалиб турибди. Жаҳоннинг геосиёсий манзараси ўзгариб боряпти. Глобал пандемия, экологик офатлар, сиёсий беқарорлик, тинчлик-тотувликка таҳдидлар, мамлакатлар ўртасидаги ишончсизлик ўз навбатида иқтисодий инқирозга сабаб бўлаётир.

Ана шундай мураккаб вазиятда Ўзбекистонда оқилона сиёсат ва иқтисодий механизмлар ҳаётга татбиқ қилинаётгани мамлакатнинг барқарорлигини, инвестициявий жозибадорлигини таъминламоқда, десак, муболаға эмас.

Кузатувларимиздан маълумки, юртингизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилинаётган чет эл инвестициялари ҳажми муттасил ошиб бормоқда. Зеро, соҳани янада ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Тадбиркорларнинг фаолияти қўллаб-қувватланиб, эркин ва фаол иш юритиши учун зарур шароит ҳозирланди. Буларнинг барчаси юртингизда иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилаётган изчил чора-тадбирлар самарадорлигининг амалдаги ифодасидир.

Ўзбекистон ривожланган мамлакатлар ва обрўли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошираётир. Юртингизда барча соҳада, хусусан, яшил энергетика, машинасозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги, электротехника, фармацевтика ва бошқа қатор тармоқларда қўлга киритилаётган ютуқлар диққатга сазовор. Ишонамизки, Ўзбекистон яқин келажакда дунёнинг иқтисодиёти ривожланган мамлакатлари қаторига қўшилади.

ЎзА