Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими масалаларига бағишланган нуфузли конференция бўлиб ўтди

Тошкентда ўтаётган маданий ҳафталик доирасида “Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият” халқаро конференцияси ташкил этилиб, икки йўналиш – “Янги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг трансформацияси” ва “Замонавий тиббиёт тизими ривожи: глобал ва миллий тенденциялар” мавзулари муҳокама қилинди.

Юзлаб маҳаллий ва хорижий экспертлар, соҳа вакиллари иштирокида ўтган тадбирда сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда барча учун малакали тиббиётни яратиш, соғлиқни сақлаш тизимини аҳолига қулай тарзда янгилаш, мамлакатимиз аҳолисини ўртача умр кўриш даражаси юқори бўлган илғор давлатлар қаторига киритиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди.

Йиғилиш аввалида давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар кўрсатиш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, жамиятда тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилаётгани айтилди.

Хорижий мутахассислар бугунги қийин вазиятда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар натижасида санитария-эпидемиологик осойишталик имконияти ошиб бормоқда. Жумладан, дори воситалари, тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш, риоя этилиши устидан назорат қилиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти.

Статистикага назар ташлайдиган бўлсак, юқори технологияли операцияларга муҳтож бўлган 16,2 минг нафар бемордан 3,2 минг нафарига ҳудудларнинг ўзида юқори технологияли операциялар ўтказилган. Натижада юқори технологик операциялар улуши 55 фоизигача етказилди. Пойтахтга келиб даволаниш эса 22 фоизга қисқарди.

Юрак туғма нуқсонли беморларга жами 2,5 мингта окклюдер жиҳози имплантацияси амалиёти бажарилди, шундан 2 мингтаси республика ва 500 таси вилоят даражасида амалга оширилади.

Маълум қилинишича, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан узоқ масофада жойлашган маҳаллаларда мингдан зиёд маҳалла тиббий пунктларини ташкил қилиш орқали оралиқ масофани 2 киломертга қисқартириш имкони яратилди.

– Тиббиётнинг генетика йўналиши соғлом генофонд шаклланишида жуда муҳим ўрин тутади, – деди “Исроил тиббиёт маркази” асосчиси Ярон Гойхман. – Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этиш лозим. Масалан, шу йил май ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегациясининг АҚШга ташрифи доирасида Гарвард геномика маркази билан тиббий генетика бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Экспертнинг таъкидлашича, келажакда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон геном кенгаши ва Геном тадқиқотлар миллий институтини ташкил этишни мақсад қилган.

Иштирокчилар, шунингдек, ўтган йил 40 ёшдан ошган аҳолининг 10 миллиондан зиёди тиббий кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги хабарни ҳайрат билан қабул қилишди.

Италия, Хитой, Польша давлатларининг 22 та университетлари билан 12 та бакалавриат таълим йўналиши, 10 та магистратура ва 8 та клиник ординатура мутахассисликлари бўйича халқаро қўшма таълим дастурлари асосида кадрларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилган.

Қисқа танаффусдан сўнг йиғилиш “Замонавий тиббиёт тизими ривожи: глобал ва миллий тенденциялар” шиори остида давом этди. Ушбу қисмда соҳа истиқболи йўлида қўлланилаётган муҳим тажриба, жаҳон амалиётидан келиб чииққан ҳолда салоҳиятли мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўз навбатида, долзарб муаммолар ва ечимлар излаш бўйича фикр алмашилди.

Мунозара ва сессия якуни бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Беҳруз Худойбердиев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА