Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳузурида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилади.

Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади: 

жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш; 

қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига инновацион технологиялар ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий этишга мўлжалланган ўқув режаси ва дастурларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш; 

халқаро эътироф этилган ташкилотларда аккредитациядан ўтган ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқиш; 

етакчи профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларни таклиф этган ҳолда, инновацион технологияларга асосланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;

шартнома асосида тегишли йўналишлар бўйича хорижий олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларига жалб этиш;

масофадан ўқитиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда малака оширишнинг инновацион шаклларини жорий этиш, ўқув-методик ресурсларни ишлаб чиқиш, таълим дастурларини такомиллаштириш;

турли соҳа ходимларининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бўйича тўлов-контракт асосида малакасини ошириш;

тармоқнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли асосда жорий этиш; 

идоралараро ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида фавқулодда ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича машқлар ва машғулотлар ўтказиш;

халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, анжуманлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш орқали санитария- эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида мамлакатимиз ютуқларини халқаро даражада кенг ёритиш, хорижий таълим ташкилотлари билан қамкорлик қилиш. 

Марказ 2023 йилнинг 1 сентябридан фаолият бошлайди.

ЎзА