Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳузурида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилади.
Марказнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:
жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнига инновацион технологиялар ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий этишга мўлжалланган ўқув режаси ва дастурларини белгиланган тартибда ишлаб чиқиш;
халқаро эътироф этилган ташкилотларда аккредитациядан ўтган ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
етакчи профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларни таклиф этган ҳолда, инновацион технологияларга асосланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;
шартнома асосида тегишли йўналишлар бўйича хорижий олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларига жалб этиш;
масофадан ўқитиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда малака оширишнинг инновацион шаклларини жорий этиш, ўқув-методик ресурсларни ишлаб чиқиш, таълим дастурларини такомиллаштириш;
турли соҳа ходимларининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бўйича тўлов-контракт асосида малакасини ошириш;
тармоқнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг илғор усулларини тизимли асосда жорий этиш;
идоралараро ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида фавқулодда ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича машқлар ва машғулотлар ўтказиш;
халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, анжуманлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш орқали санитария- эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида мамлакатимиз ютуқларини халқаро даражада кенг ёритиш, хорижий таълим ташкилотлари билан қамкорлик қилиш.
Марказ 2023 йилнинг 1 сентябридан фаолият бошлайди.
ЎзА