Пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги давом этмоқда.

Мазкур  ҳафталик доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан “Сифатли таълим ва инновациялар – барқарор келажак асоси” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Тадбирда олий таълим фан ва инновациялар вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов сўнгги беш йиллик ислоҳотлар натижасида республикада таълим сифати ва қамровини ошириш ҳамда ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш, илмий-инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, мамлакатнинг инновацион салоҳиятини янада такомиллаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича самарали механизмлар яратилганини таъкидлади.

– Соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида таълим сифати ва қулайлигини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлаш тизимининг самарадорлигини ошириш борасида сезиларли ютуқларга эришилди, – дейди Иброҳим Абдураҳмонов. – Барча соҳаларда илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимиз инновацион салоҳиятини шакллантириш ва янада юксалтиришнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилди ва янгиланмоқда.

Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида 2015 йилга нисбатан 40 поғонага кўтарилиб, 2022 йилда 82-ўринни эгаллади. 2019-2022-йилларда олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар томонидан 40,4 миллион долларлик 627 та лойиҳа тижоратлаштирилди, 31,6 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 23,6 миллион долларлик маҳсулот сотилди ва 7 миллион долларлик хизматлар кўрсатилди.

Инновация ва илм-фан соҳаларига давлат бюджетидан ажратиладиган йиллик маблағлар ҳажми 3 баробарга ҳамда лойиҳаларни молиялаштириш хажми 3,5 баробарга оширилди. Стартап экотизимини шакллантириш борасида 19 та инновацион инфратузилмалар ташкил қилинди. Стартап-лойиҳаларга грант маблағларини ажратиш, стартап жамоаларини акцелерация ва инкубация дастурларидан ўтказиш тизими жорий этилиб, умумий қиймати 105,7 миллиард сўмлик 136 та стартап лойиҳалари молиялаштирилди. Илмий-техник ишланмаларни жорий қилиш ва тижоратлаштиришда янги механизмлар жорий этилиши натижасида 455,1 миллиард сўм миқдорида илмий ишланмалар тижоратлаштирилди.

Мамлакатда креатив иқтисодиётни шакллантиришда янги иш ўрни яратишдан бошлаб, иқтисодий қиймат (капитал) яратишгача бўлган “тармоқ-ҳудуд-илмий/олий таълим ташкилот” узлуксиз экотизимини ривожлантириш мақсадида Янги Ўзбекистонда инновацион ривожланиш стратегияси қабул қилинди. Мазкур Стратегияга асосан 2030 йилга келиб Ўзбекистонни Глобал инновацион индекс рейтингида дунё бўйлаб Топ-30 мамлакатлар қаторига киритиш асосий вазифа сифатида белгилаб берилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА