“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусида ўтказилаётган Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида Халқаро аёллар форуми давом этмоқда.
Форум доирасида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Озода Парпибоева ўз фикрларини билдирди.
– Ҳар қандай жамият ва давлатнинг нечоғли инсонпарвар ҳамда адолатли эканлиги унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади, – дейди Озода Парпибоева. – Мамлакатимизда ҳам хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб қўйилган. Шуни алоҳида қайд этишим лозимки, узоқ йиллар давомида хотин-қизлар масаласига комплекс ёндаша олмадик. Афсуски, бу каби ҳолат ҳамон мавжуд. Ёрдамга муҳтож хотин-қизлар биттами, бир нечтами, уларнинг муаммоси барибир жамиятнинг долзарб муаммоси бўлиб қолаверади. Муаммоларнинг эса оқибати билан ишлаш эмас, уларнинг олдини олиш муҳимроқ.
Маълумки, гендер стратегияси доирасида гендер тенглик тушунчаси жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан, спорт муносабатларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларининг тенглигини англатади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини таъминлаш йўналишида 2022—2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.
Сайлов кодексига мувофиқ, аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши белгиланди. Барча давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш тизими жорий этилди. Натижада раҳбар аёллар сони 2017 йилда 27 фоизни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб, уларнинг кўрсаткичи 33 фоизга етди.
Аёлларнинг улуши тадбиркорлик соҳасида 37 фоизни, сиёсий партияларда 47 фоизни, иқтисодиёт ва саноат тармоқларида 46 фоизни, олий таълимда 49 фоизни, таълим соҳасида 74 фоизни, тиббиётда 77 фоизни ташкил этмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзоларининг 24 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг 25 фоизи аёллардан иборат.
Ижтимоий қийин вазиятдаги хотин-қизларнинг олий таълим олишга интилиши давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тавсияномаси асосида 5 мингга яқин хотин-қиз олий таълимга имтиёз асосида қабул қилинди. Магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилиши ва бунга ҳар йили камида давлат бюджетидан 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. ОТМ, техникум ва коллежларда, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизлар контрактларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш тизими ҳамда ўтган 2021 йилдан бошлаб ҳар ўқув йилида 2 минг 100 нафар муҳтож ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган қизларнинг олий таълимдаги контракт-тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди.
Бугунги форум доирасида ҳам хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муҳим қарорлар қабул қилишдаги иштирокини янада ошириш, уларни иқтисодий имкониятлари ва тадбиркорлигини ривожлантириш учун ҳамкорлик режалари тасдиқланди. Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, инновация, таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш борасида янги лойиҳа ва дастурларни тайёрлашга хизмат қилиши мумкин бўлган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА