Тошкент шаҳрида ўтган “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳқам пойдевори” анжуманида мактабгача ва мактаб таълими тизимини ривожлантиришга оид келгуси режалар хусусида маълумот ҳам берилди.
Дастлаб, мактабгача таълим соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилади. Мактабгача ёшдаги болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш учун шароитлар яратишга куч ташланади.
Тизимга инновациялар, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосий мақсад этиб белгиланган. Қолаверса, боғчадаги педогок-ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга мутлақо янги ёндашув жорий этилиши кутилмоқда.
Умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-4-синфларида ўқувчиларга бошланғич, 5-9-синфларида таянч ҳамда 10-11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос билимларни беришга йўналтирилган ўқув дастурлари ва ўқув-методик мажмуаларни йўлга қўйиш назарда тутилган.
Йиғилиш давомида фанлар бўйича амалий машғулотлар улушини 60 фоизга етказиш, директорлик лавозимига номзодлар учун “Директорлар мактаби”ни ташкил этиш лойиҳаси очиқланди.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, тадбир иштирокчилари халқаро молия институтлари ҳамда хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда юзта мактаб қуриш лойиҳаси ишлаб чиқиш фикрини олқишлади.
Беҳруз Худойбердиев,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА