Расмий Стокгольм Туркия талабини қондирмас экан, НАТО остонасидан ҳатлаб ўтолмайди. Айни масалада олиб борилаётган музокаралар эса вақт йўқотишдан бошқа нарса эмас. Зеро, ўзига кўп ишониб юборган Швеция айни жараёнда йўл қўйган хатолар бисёр экани айтилмоқда. Хусусан, ушбу скандинавия мамлакатининг Альянсга қўшилишини маъқуллаши лозим бўлган Туркия билан кечаётган музокара жараёнида учта хатога йўл қўйилган.
Биринчидан, Стокгольм Вашингтоннинг Анқарага босими натижа беради, деб ўйлаб, хотиржамликка берилди. Иккинчидан, Туркия томони шартини бажармаса ҳам бўлади, деб ўйлади. Яна бир хато шу эдики, Швеция Туркиянинг “қайсарлиги” узоқ давом этмаса керак, деб ҳисоблаган. Афсуски, воқеалар бошқача ривожланяпти. “Yeni Şafak” газетасининг душанба кунги сонида дипломатик манбаларга таянилган айни мавзудаги мақола эълон қилинди.
– Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун Туркия розилигини олиши керак эди, бироқ ҳалигача бирор ваъдасини бажармаган, – деб ёзган муаллиф. – Терроризмга қарши кураш бўйича қонунга киритилган тузатиш 1 июнда кучга кирган бўлса-да, ҳалигача Курдистон ишчи партияси аъзолари ва Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорлари Анқарага топширилгани йўқ.
Анқарада чиқадиган мазкур нашр дипломатик манбаларга таяниб, Швеция йўл қўйган уч хатони шундай ифодалаган:
– Швеция Туркия талаби бажарилмаган тақдирда ҳам НАТОга қўшиламиз, дея ўзини ишонтириб юрди. Ҳукумат Туркия “қизил чироғини” бунчалик узоқ вақт тутиб турмайди, деб ўйлаган. Учинчи хато шуки, Швеция НАТОнинг бошқа аъзолари, айниқса, АҚШ қўлловидан фойдаланмоқчи.
Дипломатик манбаларда келтирилишича, Терроризмга қарши кураш бўйича Швеция конституциясига тузатиш киритилиши, Стокгольм айни масалада аниқ қадам ташламас экан, ҳеч нарсани англатмайди.
Финляндия билан Швеция 2022 йил майда Украина воқеалари силсиласида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза ташлаган. Бу хоҳишни барча аъзо мамлакатлар маъқуллаши керак. 2022 йил июнда Мадридда бўлиб ўтган Альянс саммитида айни масала аъзо давлатлар томонидан маъқулланди. Шундан сўнг икки аризани миллий парламентлар даражасида ратификация қилиш жараёни бошланди ва жорий йил бошига қадар 30 аъзонинг 28 таси томонидан ратификация қилинди. Фақат Венгрия ва Туркия Швеция масаласи алоҳида кўриб чиқилишини билдирди. 31 мартгача Финляндия аризасини барча аъзолар ратификация қилиб бўлди. Шу тариқа 4 апрель куни Финляндия НАТОнинг 31-аъзосига айланди. Венгрия ва Туркия томонидан ҳалиям маъқулланмаган Швеция эса ҳозирча кема саҳнидан ташқарида қолмоқда. Қолаверса, Швецияда муқаддас Қуръон нусхасини ёқиш ҳолати давом этар экан, Туркиянинг ушбу мамлакатни Альянсга аъзо бўлишига қарши туриш қарори қатъийлашиб бораверади.
С.Раҳимов, ЎзА