Пойтахтимизда «Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги юқори савияда бўлиб ўтмоқда.

Жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини тортган мазкур нуфузли халқаро анжуманда дунёнинг қарийб барча қитъасидан, яъни 60 дан ортиқ мамлакатдан 450 дан ортиқ давлат арбоблари, сиёсатчилар, йирик бизнес вакиллари, экспертлар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этмоқда.

Ҳафталикнинг асосий сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев янгиланиб бораётган Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий жабҳалардаги кескин ва дадил одимлари, натижадор ютуқлари билан бугунги кунда дунё ҳамжамиятида тобора кўпроқ обрў ва эътибор қозонаётганини таъкидлади.

Айтиш жоизки, «Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат» мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталигининг бош мақсади юртимиз ва хорижий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида Янги Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар, уларнинг моҳияти, аҳамияти, эришилган ютуқлар ва навбатдаги вазифалар, мамлакатда юзага келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсати бўйича ўзаро фикр ва тажриба алмашишга кенг имконият яратишдир.

Ҳафталик доирасида «Ўзбекистон қўлёзма мероси дурдоналарида тарихий шахслар ва сюжетлар» номли кўргазма, «Янгиланган Конституция: ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси», «Янги Ўзбекистон: қулай бизнес муҳити» мавзусидаги халқаро конференциялар ўтказилди.

Ҳафталик ўз ишини фаол давом эттирмоқда.

Н.Усмонова, ЎзА