Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ахборот берди.
Вазир ўз ахборотида экилаётган кўчатларнинг кўпчилиги кўкармаганининг сабабларини айтиб, унинг ечими доирасидаги лойиҳалар хусусида тўхталди:
— Кўкаламзорлаштириш борасидаги ишларга 2024 йилдан бошлаб ҳар йили давлат бюджетидан 500 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бу маблағлар уруғчиликни ривожлантириш, қаламчалар етиштириш, ёпиқ илдизли тизим билан тувакда етиштириш ва дарахт туридан келиб чиқиб 3 йилгача парваришлаш, суғориш тизимларини ташкил этиш кабиларга сарфланади.
Ўтган давр мобайнида экилган кўплаб кўчатларимиз совуққа чидамсизлигини кўрсатди. Ўрганишларимиз давомида қўшни Қозоғистоннинг шимолий қисмида биздан-да совуқ шароитда худди ўша навдаги кўчатлар ҳам кўкартирилганига гувоҳ бўлдик. Бунинг сабабини ўрганганимизда, кўчатчилик, селекцияга катта эътибор қаратилар экан. Шу боис эндиликда генетик томондан кучли кўчатлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Ҳар йили “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида иқлими, тупроқ, сув ва бошқа шароитлари инобатга олинган ҳолда манзилли кўкаламзорлаштириш инвестиция дастури ишлаб чиқилади ва шу дастур асосида кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилади, — деди вазир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА