Юриш, югуриш табиий жараён бўлиб, саломатликни асрашда муҳим омилдир. Аммо кейинги пайтларда техник имкониятларнинг тараққий этиши оқибатида аксариятимиз камҳаракат бўлиб боряпмиз.
Шу жиҳатдан, аҳоли саломатлигининг “асосий ҳимоячиси” бўлган юриш, югуриш тадбирларига давлат даражасида эътибор қаратилаётганлиги бежиз эмас. Миллат генофондини соғломлаштириш, жамиятдаги ҳар хил ёт ва зарарли одатларга жисмоний тарбия ва спорт воситасида кураш олиб бориш мамлакат тараққиётини таъминлаш, ҳар жиҳатдан баркамол авлодни камолга етказиш деганидир.
Таъкидлаш лозим, юртимизда “Янги нафас” оммавий югуриш тадбирларининг жорий этилиши натижасида юз мингдан зиёд аҳоли вакиллари соғлом турмуш тарзи билан қамраб олиндики, бу шунча миқдордаги оилаларга спорт ҳаракати кириб борганидан далолат.
Жорий йилнинг 25 июнь куни республикамизнинг 16 та шаҳрида Ёшлар кунига бағишланган “Янги Нафас” халқаро оммавий югуриш мусобақаси ва “Ватан қалқони” ҳарбий-ватанпарварлик оммавий югуриш мусобақаси, шунингдек, Халқаро Олимпия куни (Olympic Day) муносабати билан оммавий югуриш тадбирларининг ташкил этилиши айни мақсадларнинг мантиқий давоми бўлиши шубҳасиз.
“Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!» шиори остида ўтадиган “Янги нафас” халқаро оммавий югуриш мусобақаларининг бу йилги дастури бутунлай янги форматда ўтказилмоқда. Тошкентда ўтказиладиган спорт тадбирининг иштирокчилари учун танлов асосида 3 та масофа тақдим этилади: 1 миля (1609м), 3 км, 10 км. Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Нукусда – 1 миля ва 3 км. Андижон, Нурафшон, Гулистон, Жиззах, Термиз, Навоий, Қоровулбозор, Қарши, Ғузор, Урганчда югурувчилар 3 км. масофада мусобақалашади.
– Аҳоли орасида югуришни оммалаштириш орқали саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббус сифатида бошланган “Янги нафас” спорт ҳаракати бу йил халқаро даражага кўтарилмоқда. Саломатлик тадбирларида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистондан ёш спортчилар ва югуриш клубларининг аъзолари қатнашиш истагини билдирган. Бундан ташқари, югуриш мусобақаларида юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, хорижий меҳмонлар, санъат ва маданият намоёндалари, машҳурлар, таниқли спортчилар қатнашиш истагини билдирмоқда, – дейди Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзамуҳамедов.
“Янги нафас” оммавий югуриш тадбирларида барча қатнашиши мумкин. Бу – умумхалқ ҳаракати. Мусобақа низомига кўра, югурувчилар учун рухсат этилган ёш чегараси 9 ёш этиб белгиланган. Иштирокчи шаҳарлар учун ягона старт эрталаб соат 6:00 да бошланади. Тошкентда 5500, Самарқандда 2300, қолган 14 та шаҳарларнинг ҳар бирида 2000 нафарга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда дейилади Янги нафас” оммавий югуриш тадбирлари ташкилий қўмитаси хабарида.
Т. Рўзиев, ЎзА