Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дўстлик ва маданий ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида Қозоғистон маданияти кунлари ўтказилмоқда.
Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги кино саройида Қозоғистон киноси кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда икки давлат кино соҳаси масъул раҳбарлари, ижодкорлар иштирок этди.
Тадбирда кейинги йилларда икки қардош мамлакатлар ўртасидаги маданий-маърифий муносабатлар янгича ривожланиш босқичига чиққани, бу жиҳатлар кино соҳасида ҳам яққол кўзга ташланаётгани таъкидланди.
Кино ихлосмандлари учун 20-23 июнь кунлари мазкур киносарой залларида қозоқ киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Султон Бейбарс”, “Мукагали”, «Доц.Мукасан», “Время патриотов”, “Паралимпиячи”, “На старте”, “Лето 1941-года” бадиий фильмлари, “Кенжа қиз”, “Бесик жири”, “Амен аға ағаши” мультфильмлари намойиш этилади.
Маданият кунлари доирасида пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида қардош халқнинг санъат усталари, етакчи бадиий жамоалари иштирокида катта концерт дастури намойиш этилади. Унда қардош халқнинг Салтанат Ахметова, Дулат Токанов, Алишер Каримов, Рухия Байдукенова, Салтанат Мендиғалиева, Динисламбек Жайлаубай, Дидар Абдухалиқ, “GULDER”, “Turan” каби бадиий жамоаларининг артистлари иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга “Turan” ансамбли Алибек Кабдураҳмонов бош дирижёрлигидаги Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри билан биргаликда 21 июнь куни пойтахт аҳолисига ўз мусиқий дастурини тақдим этади.
Айтиш жоизки, “Turan” ансамбли этно-фольклор йўналишида фаолият кўрсатиб, мана 15 йилдирки АҚШ, Австрия, Бельгия, Германия, Венгрия, Нидерландия, Франция ва бошқа давлатларда ўз мусиқий дастурини тақдим этиб келмоқда.
Қизиқарли мусиқий концертлар Самарқанддаги вилоят мусиқали драма театри ҳамда Бухоро шаҳридаги ёшлар марказининг концерт залида ҳам бўлиб ўтади.
Н.Усмонова, ЎзА