Айни кунларда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” томонидан республика истеъмолчиларига етказиб берилган электр энергияси сифатини талаб даражасига келтириш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоевнинг қайд этишича, бунда электр энергиясини тармоқлар бўйлаб узатишда технологик сарфларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Инспекция томонидан истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш ҳамда қуввати 50 кВт ва ундан юқори бўлган истеъмолчиларда энергия ресурсларини оқилона фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, айни вақтда 5 минг 594 та берилган кўрсатмаларга асосан тадбиркорлик субъектларининг энергия қурилмаларида 34 минг 400 кВар қувватга эга бўлган реактив энергия компенсация қилувчи ускуналар ўрнатилиши таъминланди. Ушбу амалга оширилган ишлар натижасида истеъмолчиларни электр энергияси учун тўловларни сезиларли даражада тежалишига ҳамда электр қурилмаларни бир меъёрда ишлашига сабаб бўлади. Шу ўринда айтиш жоизки, реактив қувватни компенсация қилинмаслиги натижасида электр тармоқларидан реактив қувват ўтиши қўшимча технологик йўқотишлар пайдо бўлиши, кучланиш ва частотанинг пасайишига олиб келади, – деди Н. Норбобоев.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА