Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 12 июнь куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди.
Учрашувни номзоднинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили Байрамбай Отемуратов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.
Номзоднинг дастури турли соҳаларни қамраб олган устувор йўналишлардан иборат.
Қайд этилганидек, Қорақалпоғистонда 160 та янги боғча қурилиши ва таъмирланиши, 2 мингта хусусий боғча ташкил қилиниши белгиланган.
– Биз келгуси етти йилда қўшимча 100 минг янги ўқувчи ўрни яратамиз. Бунда, 30 та янги мактаб ва 150 та мактаб учун қўшимча бино қурилади, 350 таси таъмирланади. Ихтисослашган мактаблар сони эса икки карра оширилиб, 32 тага етказилади. Натижада, Қорақалпоғистондаги мактабларда 30-35 нафардан ортиқ бола ўқийдиган синфлар умуман бўлмайди. Биз 1-4-синф ўқувчиларига бепул овқат беришни Қорақалпоғистондан бошлаган эдик. Энди олис ва чекка овуллардаги болажонларимизнинг мактабга бориши учун автобус қатновини ҳам, биринчи бўлиб шу заминдан бошлаймиз, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Қорақалпоғистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, инфратузилма объектлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусан, маҳалла ва овулларда 6 минг километр йўллар ҳамда 150 та кўприк таъмирланади; 5 минг километр электр тармоғи, 1 минг 350 та трансформатор ва 10 та подстанция янгиланади; 70 минг хонадонга эга 2 мингта кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилади; барча ижтимоий ва давлат идоралари ҳамда 17 минг хонадонда 55 мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатилади.
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев янги ўқув йилидан бошлаб, олийгоҳда ўқиётган хотин-қизлар учун, ким тўлашидан қатъи назар, контракт тўлови даромад солиғидан озод қилинишини маълум қилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда агротехнологиялар ва муҳандислик йўналишларида етакчи хорижий олийгоҳларнинг филиаллари ҳамда Нукусда Рақамли технологиялар институти очилади.
– Умуман, биз Қорақалпоғистонда олий таълим қамровини келгуси йилнинг ўзида 50 фоизга етказишни ният қилганмиз. Бунинг учун чет элларда ўқиётган ёшларимизнинг ўқишини юртимиз олийгоҳларига давлат гранти асосида кўчириш амалиётини йўлга қўямиз, – дея таъкидлади номзод.
Таълим соҳасининг асосий таянчи бўлган муаллим ва мураббийлар, олийгоҳ профессор-ўқитувчиларининг машаққатли меҳнати бундан буён ҳам муносиб рағбатлантириб борилиши таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев Тошкентда мавжуд бўлган барча замонавий тиббий хизматлар Нукусда ҳам йўлга қўйилишини маълум қилди.
Қорақалпоғистондаги Онкология ва радиология маркази филиали учун янги бино қурилади ва энг замонавий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади. Унинг ҳудудида беморларнинг яқинлари вақтинча яшаб турадиган ётоқхона барпо этилади.
– Келаси йилдан Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғиротда ҳам 200 фоизлик ойлик устама тўлашни йўлга қўямиз (ҳозирда устама 100 фоиз бўлгани учун, бу туманларга врачлар бормаяпти). Шунингдек, Қорақалпоғистондаги олис ва чекка овулларда ишлаётган барча малакали тиббиёт ходимларига 5 миллион сўмгача алоҳида устама берилади. Фақат Қорақалпоғистон учун, аҳолининг стационарда даволаниш харажатларини даромад солиғидан озод қилсак, ўйлайманки, адолатли иш бўлади, – деди номзод. – Ижтимоий реестрга кирган аҳоли ордер асосида Тошкент шаҳри ёки бошқа вилоятга даволанишга келганида уларга авиа ва темир йўл харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Шу билан бирга, қорақалпоғистонлик болаларга юқори технологик операциялар учун ҳомийлик қилган тадбиркорларнинг ушбу харажатлари солиқ ундириш базасидан чегириб ташланади.
Шавкат Мирзиёев ёшлар учун махсус уй-жойлар қурилиши ва келгуси етти йилда ҳар йили 1 мингта ёш оилага имтиёзли ипотека кредитлари берилишини маълум қилди.
Бунинг учун мазкур лойиҳага Хўжайли туманидан биринчи босқичда 100 гектар ер ажратилиши ҳамда 100 миллион доллар маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Шунингдек, Хўжайли туманида ташкил қилинадиган “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”га эркин иқтисодий зона мақоми берилиши ва ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш шарти билан тадбиркорларга солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилиши кўзда тутилган.
Ушбу Марказда нафақат ишлаб чиқариш объектлари, балки касбга ўқитиш марказлари, Ай-Ти парк филиали, лойиҳа офислари жойлаштирилади.
Номзод Элликқалъа, Қўнғирот ва Мўйноқ туманлари туризмга ихтисослаштирилиши. Тўрткўл, Беруний, Амударё, Хўжайли, Қанликўл, Қўнғиротда йўл-савдо инфратузилмаси кенгайтирилишини қайд этди.
Тошкентдан Нукусга тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиши маълум қилинди. Натижада йўловчиларнинг манзилга етиб бориш вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради. Бунинг учун узунлиги 465 километр бўлган “Бухоро – Урганч – Хива” ва узунлиги 196 километр бўлган “Мискин – Нукус” темир йўл линиялари электрлаштирилади. Бу лойиҳага 460 миллион доллар йўналтирилиши кўзда тутилган.
– Ушбу линия ишга туширилгач, “Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Хива” анъанавий туристик занжирига Қорақалпоғистон ҳам қўшилади. Натижада, хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг юртимизда 4-5 кунгача бўлишини таъминлаш, туристик хизматлар экспортини 100 миллион долларга етказиш имконияти яратилади (2023 йилда 25 миллион доллар), – деди Шавкат Мирзиёев.
Маҳалланинг молиявий мустақиллигини ошириш бўйича ҳам қатор янгиликлар қилиниши таъкидланди. Бу борада аҳолидан йиғиладиган мол-мулк ва ер солиқлари ягона мулк солиғи бўлиб бирлашади ва аҳолидан ундириладиган қисми маҳалла бюджетига тўлиқ ўтказилади. Бу – Қорақалпоғистондаги маҳаллалар ихтиёрида ҳар йили 230 миллиард сўмдан қўшимча маблағ қолади, дегани.
Шунингдек, мамлакат бўйича аҳолининг мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорликлари бўйича 500 миллиард сўм пеня кечиб юборилиши маълум қилинди. (Қорақалпоғистонда 30 миллиард сўмга яқин).
– Шу билан бирга, маҳаллалар учун “Очиқ бюджет” имкониятларини янада кенгайтирамиз ва унга ажратиладиган маблағларни 3 карра оширамиз. Энди, “Очиқ бюджет” лойиҳалари ғолиб бўлиши учун 1,5 минг овоз етарли бўлади ва ушбу мақсадлар учун йил якунига қадар яна 1,2 триллион сўм ажратамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА