Буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, иқтидорли ўқувчиларнинг хориждаги тенгдошлари билан дўстона рақобат қилиш муҳитини яратиш, кимё фанига қизиқишларини ошириш мақсадида самарали ишлар қилинмоқда.
Хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 12-16 июнь кунлари Хоразм вилояти Хива шаҳрида Абу Райҳон Беруний номидаги Халқаро кимё олимпиадаси бўлиб ўтмоқда.
Дунёнинг 15 та мамлакати — Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Ветнам, Жазоир, Бразилия, Беларус, Россия, Қозоғистон, Оман амирлиги, Грузия, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларидан келган ҳамда Ўзбекистон вакилларидан иборат, жами 130 нафар ўқувчи-ёшлар иштироки таъминланади.
Иккинчи Реннесанс номини олган ўрта асрлар Шарқ мамлакатлари тараққиётига муносиб ҳисса қўшган қомусий олим Абу Райҳон Беруний шахсияти неча асрларки дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотиб келмоқда.
973 йил қадимги Хоразм пойтахти Кот шаҳрида таваллуд топган Беруний астрономия, кимё, тарих, география, филология, математика, геодезия, минералогия, фармакология, геология ва бошқа кўплаб фанларга оид қомусий асарлар муаллифи саналади.
Олимнинг кимё фани ривожи йўлида олиб борган илмий фаолияти ҳам дунёдаги кўплаб мутахассислар томонидан муносиб эътироф этиб келинади. Унинг асарлари дунёнинг юздан ортиқ тиллари, хусусан, француз, итальян, немис, инглиз, форс ва турк тилларига таржима қилинган.
Шу маънода ўзбек ёшларининг дунё илм-фан чўққиларини забт этиши ҳамда халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида Беруний каби буюк алломаларнинг ўрни беқиёс.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида ташкил этилаётган мазкур олимпиада учун тайёрланган синов топшириқларини шакллантиришда халқаро олимпиада методологияси талабларига алоҳида эътибор берилган.
Халқаро олимпиаданинг юқори савияда ўтиши учун ҳакамлар ҳайъати таркибига маҳаллий ва хорижий мамлакатлар — Туркия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Покистон давлатларидан академик, профессор-ўқитувчилар ҳамда тажрибали мутахассислар жалб қилинди.
15-18 ёшли ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган халқаро кимё олимпиадаси 2 турда ташкил этилиб, сўнгги таҳлиллар асосида ғолиб ва совриндор, деб топилган ўқувчи-ёшлар олтин, кумуш, бронза медаллари ҳамда диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Олимпиадага фахрий меҳмон сифатида Германия кимё жамияти аъзоси, узоқ йиллар давомида Мюнхен техника университетининг Ноорганик кимё институти директори лавозимида фаолият олиб борган профессор Жоханн Планк ташрифи белгиланган.
Олимпиада доирасида ўқувчи-ёшлар учун халқаро мутахассислар иштирокида бир қатор мастер-класслар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, олимпиада иштирокчилари ва меҳмонлар учун Тошкент, Урганч ва Хива шаҳарларининг тарихий ва маданий объектларига саёҳатлар ташкил этилиб, юртимизнинг маданий ва маърифий мероси билан яқиндан таништирилади.
Мазкур олимпиада кимё фани бўйича Ўзбекистон терма жамоаси учун жорий йил 16-25 июль кунлари Швецарияда ўтказиладиган Халқаро кимё олимпиадасига навбатдаги тайёргарлик босқичи бўлиб хизмат қилади.
Халқаро олимпиада 2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган, дея хабар беради Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати.
ЎзА