Марказий Осиёда сувнинг 80 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ишлатилади.

БМТнинг Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича баёнотига кўра, 2050 йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилади. Жаҳон табиий ресурслар институти ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти тадқиқотларига кўра 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам бор.

Ўзбекистон Республикасининг асосий сув манбаи — Амударё ва Сирдарё ҳамда ички дарёлар, сойлар ва ер ости сувларидир. Орол денгизи ҳавзасидаги барча манбаларнинг ўртача кўп йиллик сув оқими 116 млрд. м3ни ташкил этади, шундан 67,4 фоизи Амударё ҳавзасида ва 32,6 фоизи Сирдарё ҳавзасида шаклланади.

Минтақада сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, қор ва ёмғирларнинг кам бўлаётганлиги, музликларнинг ва йирик дарё ҳавзаларида, кичик дарё ва сойларда сув сарфининг камайиб бораётганлиги натижасида охирги 30 йилда аҳоли жон бошига сув таъминоти 3048 м3дан 1438 м3га, яъни 53 фоизга қисқарган.

Суғориладиган экин майдонларини сув билан таъминлаш учун ҳар бир экиннинг суғориш меъёрлари бўйича талаб этиладиган сув 54,4 млрд. м3 бўлиб, 2030 йилда мавжуд сув миқдори 47,4 млрд. м3ни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган.

Талабга нисбатан етишмайдиган сувнинг
7,0 млрд. м3 қисмини сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш (2,0 млрд. м3), ирригация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш (2,2 млрд. м3), сув хўжалигини рақамлаштириш (0,6 млрд. м3), экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш ва сувсизликка чидамли экинлар улушини кўпайтириш (2,2 млрд. м3) ҳисобига қоплаш имконияти мавжуд.

Бугунги кунда республикада сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш бўйича шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва назорати остида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бунда АҚШ, Хитой, Туркия, Австралия каби хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан таъминлашда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Дарҳақиқат, 2018 йилгача республика бўйича сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар 28 минг гектарни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб, бу кўрсаткич 1 млн. гектарга етган. Бу жами суғориладиган майдонларнинг 27 фоизини ташкил этади.

Сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдон ҳисобга олинганда, ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон бугунги кунда Ўрта Осиёда 1-ўринда, МДҲ давлатлари орасида 2-ўринда, Осиё давлатлари орасида 4-ўринда, дунёда эса бир қатор етакчи давлатлардан кейин 13-ўринда турибди. 2025 йилга бориб республика бўйича 2 млн. гектарга ёки жами суғориладиган ерларнинг 54 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий этилади.

Бундай натижаларга эришишда кўп жиҳатдан Ўзбекистонда мавжуд сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланишни давлат томонидан рағбатлантириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш юзасидан тизимли чоралар кўрилаётгани сабаб бўлмоқда. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий этишни субсидиялаш ҳамда имтиёз ва преференциялар бериш йўлга қўйилиб, 2019-2022 йилларда сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига жами 1 трлн. 465 млрд. сўм (133 млн. доллар) субсидия ажратилган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига (367-модда) асосан томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ер майдонлари 5 йил муддатга ер солиғидан озод этилган. Бундан ташқари, сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонларга сув ҳисоблагич ўрнатилганда сув солиғидан 30 фоиз имтиёз қўлланилиши жорий этилган.

Шунингдек, республикада сувни тежайдиган суғориш технологиялари ускуналари ва бутловчи қисмларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича 2019 йилгача бор-йўғи 3 та корхона фаолият олиб борган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 50 тага етказилган. Ушбу технологиялар жорий қилинган майдонларда сувни 40-50 фоизга, минерал ўғитларни 25-30 фоизга, ёнилғи-мойлаш материалларини
30-35 фоизга, иш ҳақини 25 фоизга камайтириш, шунингдек, ҳосилдорликни, жумладан, пахтачиликда 30 фоизгача ошириш имконини беради.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланишга юқори даражасида эътибор қаратилаётгани ва қисқа фурсат ичида эришилган натижалар албатта, диққатга сазовордир.

 

ЎзА