Ишдан бўшатиш нафақаси ходим билан меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ходимнинг ишдан маҳрум бўлиши оқибатларини юмшатиш мақсадида амалга ошириладиган, қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бир йўла бериладиган пулли тўловдир.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда қуйидаги ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади:

– иш берувчининг ташаббусига кўра, бундан шартнома ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ асослар бўйича бекор қилинганлиги мустасно;

– ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан;

– ходим тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра ўзига қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этганлиги ёхуд иш берувчида тегишли иш бўлмаганлиги муносабати билан;

– ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойдаги ишга кўчишни рад этганлиги муносабати билан;

– ходим ташкилотнинг мулкдори алмашганлиги, унинг қайта ташкил этилганлиги, идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги муносабати билан ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан.

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:  

– 3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;

– 3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;

– 5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;

– 10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан;

– 15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

«Юрист тавсияси» рукнини кузатиб боринг ва ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни қонуний ҳимоя қилинг.

Батафсил:  

М.Турдалиева, H.Абдувоитов ЎзА