Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида дон ҳосилини йиғиб олиш мавсумида дон қабул қилиш ва сақлаш борасидаги ишларни самарали ташкил этишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Семинарда миришкор деҳқонларимиз томонидан етиштирилган бошоқли дон ҳосилини нобуд қилмасдан йиғиб олиш бугунги куннинг долзарб вазифа экани таъкидланди. Ғалла ўрим-йиғим мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан туман бўйича “Кейс”, “Нью холланд”, “Клаас” русумли комбайнлар жалб этилиши режалаштирилган.  Махсус техникаларнинг таъмири учун 99 миллион сўм ажратилиб, мазкур маблағ бугунги кунда тўлиқ ўзлаштирилган ҳамда сертификатга эга бўлган эҳтиёт қисмлар олиб келиниши таъминланган.

Таъмирлаш ишларининг сифатли бажарилиши “Ўзагроинспекция”нинг Тўрткўл туман бўлими ходимлар назоратида бўлди.

–Фермерлар томонидан етиштирилган бошоқли донни сифатли қабул қилиш, сақлаш ҳамда нобуд бўлишини олдини олиш борасида бир қатор вазифалар ижроси устидан тизимли назорат ўрнатилади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Тўрткўл тумани бўлими бошлиғи Акбар Қозиев. – Мавсумда дон қабул қилиш ва сақлаш шохобчалари ҳамда омборхоналарини мавсумга тайёрлаш, халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган дон маҳсулотларини сифатли сақлаш, маҳсулотни ўз вақтида қабул қилиш борасида белгиланган режалар назорат қилиб борилади. Жумладан, дон қабул қилиш шохобчасидаги асфальт майдонлар, кўчма узатиш анжомлари, автомобиль тарозилари, брезентлар, ўт ўчириш қалқонлари ва намуна олиш хоналарида таъмирлаш ишлари ўтказилиши, лаборатория жиҳозлари давлат қиёслов кўригидан ўтказилганлиги назоратга олинган.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири