Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар парламентлари ихтисослашган қўмиталари вакилларининг II форуми бўлиб ўтди.

Евроосиё гуруҳининг 38-ялпи мажлиси ҳафталиги доирасида ўтказилган мазкур форумда Беларусь, Россия федерацияси, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Хитой, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Қирғиз Республикаси парламентлари ҳамда молиявий разведка бўлинмалари вакиллари, шунингдек, БМТнинг терроризмга қарши кураш бўлими ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Парламент ассамблеяси вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси Наримон Умаров ва Департамент вакиллари иштирок этган ушбу форум давомида Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ (ФАТФ) тавсияларини миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиш, жумладан, терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тажриба алмашди.

Форум якуни бўйича Декларация қабул қилиниб, Евроосиё гуруҳи доирасида жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришнинг минтақавий хавфларига қарши курашишга оид қонунчиликни уйғунлаштиришга қаратилган чораларни кўриш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Евроосиё гуруҳи ялпи мажлисидаги иштироки давом этмоқда.

 

Н.Абдураимова, ЎзА