Мамлакатимизда бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ҳамда сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, бюджет маблағларининг бир қисмини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтиришни назарда тутадиган “Ташаббусли бюджетлаштириш” тизими амалиётга татбиқ этилди.

“Очиқ бюджет” ахборот портали ишга туширилиши жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва жамоатчиликни бюджет жараёнининг иштирокчисига айлантиришда алоҳида восита бўлиб хизмат қилмоқда. “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлашда мақсадли индикаторлар доирасида Дастурий бюджетлаштириш тизими ҳам йўлга қўйилди. Ушбу тизим эса бюджет соҳасидаги қонунчилик доирасида бюджет харажатларининг самарадорлигини оширишда жамоатчилик назоратини кучайтириш имконини берди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Давлат бюджетидан сарфланаётган бюджет маблағлари тўғрисидаги маълумотлар, жумладан, даромад ва харажатларнинг таркибий қисимлари очиқланган ҳолда (чораклик ва йиллик) imv.uz, Очиқ маълумотлар портали (opendata.gov.uz) ва Очиқ бюджет портали (openbudget.uz) ҳамда расмий ижтимоий саҳифаларда жойлаштирилиб келинмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 148-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилгани бу борадаги муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, Бюджет кодексининг 166/1-моддасида бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартиби акс эттирилиб, унда бюджет маблағларини тақсимловчилар жараёнга оид тегишли маълумотларни расмий веб-сайтларига қўйиб бориши назарда тутилган. Бюджет жараёнига оид тегишли маълумотларнинг доимий эълон қилиб борилиши фуқароларнинг ахборот олишга доир ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш имконини бермоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар эса айрим бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан Бюджет кодексида белгиланган бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид талабларга риоя этмаганлик ҳолатлари кузатилди. Хусусан, бир қатор вазирлик ва идоралар, шунингдек, Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Бюджет кодексининг 166/1-моддасида назарда тутилган маълумотлар мазкур ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилмаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида шундан келиб чиқиб, қўмита ташаббуси билан Иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Кудбиевга «Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги масала юзасидан Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

 

М.Комилова, ЎзА