Жорий йилнинг 6 июнь куни Брюсселда Европа Иттифоқининг «Европа яшил ҳафталиги» анжуманининг биринчи кун тадбирлари ўтказилди.
Дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан экспертлар, мутахассислар, соҳа вакиллари иштирок этаётган ушбу нуфузли тадбирдан кўзланган мақсад атроф-муҳит, табиат муҳофазаси, экологик барқарорлик ва биохилма-хилликни сақлаш, тажриба алмашиш ва бу борада кўриладиган чораларда ўзаро ҳамкорлик ҳамда ташкилий-ҳуқуқий меъёрларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Ҳафталик анжуманини Еврокомиссия Раиси Урсула фон дер Ляйен онлайн тарзда очиб берди.
Шундан сўнг экспертлар Европа Иттифоқининг атроф-муҳит бўйича комиссари Виргиниюс Синкявичюс, Испаниянинг атроф-муҳитни ўзгартириш ва демографик масалалар бўйича вазири Тереза Рибера, Decathlon барқарорлик бўйича директори Изабель Гуядер ва бошқалар экологик барқарорликни асраш, биохилма-хиллик, айланма иқтисодиёт ва ноль ифлосланиш соҳаларидаги сўнгги сиёсат ишланмаларига алоҳида эътибор қаратди.
Еврокомиссия Раиси Урсула фон дер Ляйен ўзининг кириш сўзида мазкур ҳафталикнинг моҳияти, мақсади ва бугунги кунда атроф-муҳит ва экологик барқарорликни сақлаш муҳим масалалардан эканига аҳамият қаратди.
– Ўтган йили Европа Иттифоқи тарихда биринчи марта қуёш ва шамолдан газга нисбатан кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарди ва биз бу йил яна қайта тикланадиган энергия муҳитини икки баравар оширишга ҳаракат қиламиз. Биз инновацияларга асосланган ижтимоий иқтисодиётга қадам қўймоқдамиз. Иттифоқ бўйлаб катта ва кичик шаҳарлар гуллаб-яшнаб, ўзларининг барқарор имкониятини бошламоқда. Бу Европа Яшил битими ва ҳаракатлари натижасидир. Иқлимнинг экологик офатлари эса атрофимизда содир бўлмоқда. Уларнинг ечимлари учун трансформацион ўзгаришлар зарур. Бу ўзгаришларни биргаликда қиламиз, шунинг учун сизга муваффақиятли ва илҳомлантирувчи воқеалар ҳафтасини тилайман, – деди ўз сўзида Урсула фон дер Ляйен.
Ҳафталикнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шуки, унда илгари Европа Иттифоқи давлатлари иштирок этган бўлса, бу гал эса Марказий Осиё мамлакатларидан ҳам вакиллар таклиф этилди. Бундан мақсад мавзунинг долзарблиги, иштирокчиларга яшиллик тушунчаси бўйича маълумотлар бериш, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги сиёсати ҳақидаги хабардорлигини ошириш, шунингдек, доирани кенгайтириш, Марказий Осиё журналистларининг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлигини ташкил этиш ҳақида маълумотлар беришдир.
Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Тожикистондаги ваколатхонаси матбуот алоқалари бўйича масъул ходими Маҳбуба Абдуллоева қуйидагича гапириб берди.
– Бугунги кунда атроф-муҳит, экология мавзуси глобал масалалардан биридир. Шу мақсадда бу сафар ҳафталикка илк бор Марказий Осиё мамлакатларидан оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди. Бу эса уларнинг Европа Иттифоқи фаолияти ва унинг яшил барқарорликни таъминлаш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатларидан хабардор бўлишга имкон яратади. Ўз навбатида, атроф-муҳит ва экологик муаммолар ечимида хориж тажрибасини ўрганиш Марказий Осиё учун ҳам муҳим ҳисобланади. Анжуман доирасида сессиялар ташкил этилди. Унда экспертларнинг чиқишлари ва ўз давлатида ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар билан ўртоқлашиш ҳам иштирокчи журналистлар учун янада қизиқарлидир, – деди М. Абдуллоева.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда табиат муҳофазаси, экологик барқарорлик ва биохилма-хилликни сақлаш, қайта тиклашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада зарур ташкилий-ҳуқуқий ҳамда институционал база яратилди. Бош қомусимизда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди ҳамда соҳага доир бир қатор қонунлар қабул қилингани бу масалани кун мавзусига айлантирди. Айни чоғда бу борада ишлар янада тизимли ташкил этилаётгани ҳамда мавзуга доир бу каби халқаро тадбирлар тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш зарур.
«Европа яшил ҳафталиги» анжумани эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА мухбири
Бельгия, Брюссель шаҳри