Миллий қонунчилигимизга кўра, 18 ёшга тўлмаган шахслар вояга етмаганлар ҳисобланади. Юртимизда вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада янгиланган Конституциямизда ҳам вояга етмаганлар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари янада мустаҳкамланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77 ва 85-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

– Жиноят қонунчилигида вояга етмаганларнинг жавобгарлиги, уларга нисбатан жазо тайинлашнинг алоҳида тартиби белгиланган, – деди депутат Д.Арипов. – Аммо вояга етмаган шахсларнинг, шу жумладан, шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун судланганлигининг тугалланишига оид алоҳида норма мавжуд эмас. Шундан келиб чиқиб, соҳадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жиноят кодексининг вазифалари шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир. Ана шу вазифаларни амалга ошириш учун Кодекс жавобгарликнинг асослари ва принципларини, қандай ижтимоий хавфли қилмишлар жиноят эканлигини аниқлайди. Ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини белгилайди.

Судланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир. Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади. Шунингдек, содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.

Мазкур қонун лойиҳаси билан шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун қонун олдида ўз жазосини тўлиқ ўтаб бўлгандан сўнг, унинг оқибатлари келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги ва ўз ҳаётини янгидан бошлаши учун имконият берилишини таъминлаш мақсадида вояга етгунига қадар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойга қисқартирилмоқда. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштириб, вояга етмаганлик даврида содир этган жинояти учун жазони тўлиқ ўтаб бўлган шахсга, ўз ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда янгидан бошлашига имкон беради, – деди депутат.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА