Буғдойнинг “Ультра” номли эрта пишар нави синовдан ўтказилди. Синов жараёнлари муваффақиятли кечди. Ушбу нав Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тасарруфидаги Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтида россиялик олимлар билан ҳамкорликда яратилди.

Янги инновацион навнинг ҳосилдорлиги гектарига 85 центнерни ташкил қилди. Дон технологик сифат кўрсаткичлари юқорилиги I-гуруҳ кучли буғдой синфига мансуб. Муҳими, буғдой жуда эрта пишади. Бошқа навларнинг бошоғи май ойининг сўнгги 10 кунлигида эндигина сарғая бошлаганда янги “Ультра” нави тўлиқ пишиб етилди.

– Мақсад ердан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосил олишдир, – дейди Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори, профессор Равшанбек Сиддиқов. – Боиси, май ойи тугамасдан буғдой ўриб олинса, унинг ўрнида такрорий эмас, балки асосий экин турларини экиш мумкин бўлади. Бу эса мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги имкониятларни янада кенгайтиради. Суғориш 1-2 мартага қисқариши ҳисобига гектарига 750-1500 кубометр сув иқтисод қилинади. Тез етилиши бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши қўлланиладиган кимёвий воситалар учун харажатлар тежалади. Ўримдан сўнг такрорий экин сифатида экиладиган соя, кунгабоқар, маккажўхори ва бошқа экинлар тўлиқ пишиб улгуради. Бунинг эвазига ерлардан фойдаланиш самарадорлиги ортади. Бу ўз навбатида ердан бир йилда икки марта ҳосил олиш имконини беради. Такрорий экин сифатида дуккакли экинлар экилиши туфайли тупроқда соф ҳолдаги 50-60 килограмм биологик азот тўпланади. Бу эса тупроқ унумдорлиги ортиб, агрофизик ва агрокимёвий хоссалари яхшиланишига сабаб бўлади.

А.Мусаев, ЎзА