Ижтимоий тармоқларда Маданият ва туризм вазирининг “Коба санъат мажмуаси” масъулияти чекланган жамиятининг таъсисчиси эканига оид хабарлар кенг муҳокама қилинмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказди.
Ўрганиш мобайнида 2016 йил 16 мартда давлат рўйхатидан ўтказилган “Коба санъат мажмуаси” масъулияти чекланган жамиятида Озодбек Назарбеков ҳақиқатан ҳам юз фоизлик улуш билан таъсисчи экани маълум бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида”ги қарорига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган.
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга асосан давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига асосан давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга ҳақли эмаслиги қайд этилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”нинг 13-бандида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслиги белгиланган.
Агентлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, қонунчиликка номувофиқлик бартараф этилиб, “Коба санъат мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ўзгартирилди.
Маданият ва туризм вазирлигига келгусида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига қатъий риоя қилинишини ҳамда вазирлик фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик принципларига риоя қилинишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА