Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) га аъзо мамлакатлар фуқароларининг ҳаёт кечириш даражасини юксалтириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштирмоқда, деб баёнот берди ШҲТ бош котиби Чжан Мин камбағалликни қисқартириш ва барқарор тараққиёт бўйича ўтказилаётган анжуманда сўзга чиқиб.

Унинг таъкидлашича, ШҲТ бош котиби сифатида ҳар гал аъзо давлатларга ташриф буюрганида халқларнинг камбағалликни қисқартириш ва турмуш сифатини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларга нисбатан якдил фикрларини эшитиб келади. “ШҲТнинг яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси камбағалликни қисқартириш масалалари ҳамда ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш платформаси бўйича аниқ чораларни таклиф этиб келмоқда”, дея  таъкидлаган у.

Ташкилот бош котибининг ишонч билдиришича, жорий ҳафтада бўлиб ўтаётган  ШҲТ форуми ташкилотга аъзо мамлакатларнинг камбағалликка қарши курашда эришилган ютуқларини чуқур англашга ҳамда билим ва тажрибаларини баҳам кўришга ёрдам беради. Форум доирасида ўтказилган учрашувлар якуни эса тез орада амалиётга жорий қилинади.

Ташкилот аъзо мамлакатларга ушбу соҳада ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун яхши платформа тақдим этишга тайёр, дея қўшимча қилди у.

ШҲТнинг яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича қўмитаси раҳбари Шэнь Юэюэ ўз чиқишида Хитойнинг камбағалликка қарши қурашда тўлиқ ғалабага эришганига ва ўта қашшоқликни бутунлай  йўқ қилганига урғу берди. Унинг таъкидлашича, бу борада Пекин ҳамкор мамлакатларга ёрдам беришга тайёр.

ШҲТнинг камбағалликни қисқартириш ва барқарор тараққиёт форуми 29 майдан бошлаб Хитойнинг Шэньси провинциясида бўлиб ўтмоқда. Тадбирда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг қишлоқларда камбағалликка барҳам бериш ва барқарор ривожланиш масалалари муҳокама этилмоқда.