Ўзсаноатқурилишбанк Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатларида бизнес учун энг яхши интернет-банкинг хизматларини жорий қилган молия муассасалари қаторидан ўрин олди.
“SME Banking” агентлиги Шарқий Европа, Кавказ ҳамда Марказий Осиёда кичик ва ўрта бизнес учун масофавий хизматлар самарадорлигига баҳо берувчи “Business Online Banking 2023” халқаро тадқиқот натижаларини эълон қилди.
Тадқиқот давомида Экспертлар кенгаши минтақадаги 50 та банк фаолиятини 120 та мезон бўйича таҳлил қилиб, шунингдек, интернет-банкинг хизматларини жорий этиш жараёнлари ва илғор тажрибаларни ҳам ўрганди.
Замонавий хорижий тажриба асосида трансформация жараёнларини амалга ошираётган Ўзсаноатқурилишбанк тизимнинг ҳар бир йўналиши қаторида бизнес вакиллари учун ҳам янги қулай хизматларни жорий қилиб келмоқда.
Улардан бири юридик шахсларга мўлжалланган “SQB Business” интернет банкинг хизматидир. Дастур мижозларга Банкнинг барча тармоқларидаги мавжуд ҳисобрақамлар бўйича амалиётларни бир платформада 24/7 режимида бажариш ва бошқариш имконини бермоқда.
Ҳар қандай тўловларни ўтказиш, корпоратив карталарини тўлдириш, ҳисоб варақлардан кўчирмалар олиш ва ҳисоботлар тайёрлаш, конверсия амалиётларини амалга ошириш шулар жумласидандир. Шунингдек, дастур орқали бошқа бир нечта корхоналарни ҳам бошқариш мумкин.
Маълумот учун. “SME Banking” – бу ахборот олиш, таҳлил қилиш ва тажриба алмашиш мақсадида тижорат банкларини бирлаштирадиган халқаро платформадир. У микро, кичик ва ўрта бизнесга хизмат кўрсатишнинг маҳаллий, минтақавий ва глобал бозорлари қандай ривожланаётганини ўрганади.
Реклама ҳуқуқи асосида
ЎзА