Куни кеча Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Эрон Ислом Республикасининг «Electronic Afzar Azma» компаниясининг бош директори Моҳаммад Али Дарази, «ESFA Group» компанияси бош директори Маҳди Давар Панаҳ ҳамда «Atlas Tubine Pars» компанияси бош директори Атабак Ализаде билан учрашди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад юртимизда фаолият олиб бораётган эронлик тадбиркорлар билан доимий алоқани ўрнатиш, илм-фан ва инновацион фаолият соҳасида ҳамкорлик қилиш, икки давлат ўртасидаги савдо иқтисодий, илм-фан, технологиялар бўйича янгиликлар билан бўлишиш иборат. Шунингдек, эронлик инвесторларни юртимизга жалб қилиш ва уларга консультатив ва амалий ёрдам кўрсатиш, бу мамлакатдан келган тадбиркорларнинг юртимизда олиб бораётган фаолияти давомида юзага келаётган муаммо ва таклифларини ўрганиш ва уларга ечим бериш масалалари ҳақида фикр алмашилди.

Шу билан биргаликда учрашув давомида икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга қаратилган таклифлар, эронлик тадбиркорларнинг фаолиятидаги янгиликлар, инновация йўналишида истиқболли ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.

Хусусан, унда эронлик тадбиркорлар Ўзбекистонда электр тармоқлари ускуналарини биргаликда ишлаб чиқариш, электр станцияларини таъмирлаш хизматларини кўрсатиш ҳамда Ўзбекистонда ушбу соҳада марказ очиш имконияти билан қизиқди.

Ўзбекистонда ақлли электр ҳисоблагичларни биргаликда ишлаб чиқариш ҳамда Ўзбекистон электр тармоқлари мониторинги тизимини модернизация қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилди.

Маълумот учун, «Electronic Afzar Azma», «ESFA Group» ва «Atlas Tubine Pars» Эрондаги энг йирик энергетика компанияларидан ҳисобланади. Улар электр станциялари, нефть ва газ объектлари, темир йўл транспорти инфратузилмаси учун энергия ва бошқарув ускуналари ишлаб чиқиш ҳамда уларни автоматлаштириш ва саноат жараёнларини бошқариш бўйича фаолият олиб боради.

ЎзА