Жорий йилнинг 18-20 май кунлари пойтахтимиздаги Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форуми доирасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2023” ва “Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan – 2023” халқаро кўргазмалари ташкил этилди.
ЎзА мухбири ушбу халқаро тадбирлар ташкил этилиши ва аҳамияти ҳақида иштирокчиларнинг фикрлари билан қизиқди.
Нигора ҲАСАНОВА – “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича қатор вазифалар белгиланган. Куни кеча ўз ишини якунлаган Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форуми доирасида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2023” ва “Энергетика, энергияни тежаш, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan – 2023” халқаро кўргазмалари айнан шу устувор вазифалар ижросига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Кўргазмаларда 22 давлатдан 270 дан ортиқ компания ва корхоналар ўз имкониятини намойиш этди. Энергетика форуми ва унинг доирасида ўтказилган ялпи сессия ва анжуманда Австрия, Озарбайжон, Арманистон, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Дания, Испания, Италия, Қозоғистон, Нидерландия, БАА, Хитой каби 24 давлатдан 50 нафар маърузачи ва 500 нафардан ортиқ делегат қатнашди.
Форум иштирокчилар учун замонавий нефть-газ ва энергетика соҳасининг долзарб масалалари, жумладан, жаҳон нефть-газ саноати, тоза ва барқарор энергияга ўтиш муаммолари билан бир қаторда, давлат-хусусий шериклик ва инвестицияларни жалб этишга ечим топишда катта мулоқот майдони бўлди.
Таъкидлаш керакки, муқобил манбалардан олинадиган энергия улушини 2026 йилга қадар умумий ишлаб чиқариш ҳажмида 25 фоизга етказиш режалаштирилган. Энергетика соҳасида бундай муҳим тадбирларни ўтказиш саноатнинг сўнгги янгиликлари ва ривожланиш тенденцияларини акс эттирувчи воқеалар сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Ишонаманки, Ўзбекистон иккинчи халқаро энергетика форуми ва кўргазмалари нефть-газ, тоғ-кон ва энергетика тармоқларини ривожланишига хизмат қилади.
Абдулазиз Ал-ОБАИДЛИ – Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси бош операцион директори:
– Ўзбекистонда кўплаб ажойиб лойиҳаларимиз бор. 2019 йилда биз қуёш фотоэлектр станциясига сармоя киритдик. Ушбу станция 2021 йилдан буён фаол ишламоқда.
Ҳозир Томди туманида шамол электр станцияси лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Бу Марказий Осиёдаги энг йирик ва биринчи станция ҳисобланади.
Шунингдек, “Masdar” Ўзбекистонда умумий қуввати 1147 МВт бўлган 4 та қуёш фотоэлектр станциясини қуради. Бу эса Марказий Осиё минтақасидаги қуёш электр станциялари учун энг йирик лойиҳалардир.
Шунингдек, Самарқандда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги билан қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди ва келишувларга эришилди.
Аввал айтиб ўтганимдек, биз ҳукумат билан йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартнома имзоладик. Бу тижорат лойиҳалари. Аммо компаниямиз масъулиятли инвестор сифатида Ўзбекистоннинг кадрлар салоҳиятига сармоя киритишни ҳам режалаштирган.
Тошкентда бизнинг офисимиз бор, у ерда аксарият Ўзбекистон фуқаролари ишлайди. Бизнинг Зарафшонда ҳам платформамиз бор. У ерда маҳаллий ҳамжамиятларни фаол қўллаб-қувватлаймиз.
Дейв ОЛМСТЕД – Канаданинг “Stream-Flo Industries Ltd.” компаниясининг халқаро савдо бош менежери:
– Очиғини айтганда, “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2023” халқаро кўргазмаси биз учун яхши имконият бўлди. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар ўзаро мулоқот қилди ва танишди.
Юртингизда ўтказилган кўргазмада илк бор қатнашдик. Бунга қадар бизнинг ҳамкорларимиз соҳа кўргазмаларида иштирок этган. Улар иштироки бизга туртки берди ва ушбу намойишда маҳсулотларимизни тақдим қилдик.
“Stream-Flo Industries Ltd.” компанияси ҳақида тўхталадиган бўлсам, у 62 йилдан буён халқаро бозорда ўз ўрнига эга. Компаниямиз жаҳон нефть ва газ саноати учун қудуқ боши клапанлари, шлюзив клапанлар, назорат клапанлари ва сирт релеф клапанларини ишлаб чиқаради.
Шу билан бирга, бизнинг бир марталик хизматларимиз – далага техник хизмат кўрсатиш ва ўрнатиш, таъмирлаш, мижозлар мулкини бошқариш кабиларни ўз ичига олади. Ҳозирги кунда компания 50 давлатга ўз маҳсулотини етказиб бермоқда.
Компания ўз олдига қўйган мақсади мижозлар билан узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш ва улар дуч келадиган мураккаб муаммоларга мослаштирилган ечимларни тақдим этиш орқали энергетика саноати равнақига ҳисса қўшишдир.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди