Тошкентда куни кеча бошланган “Tashkent Law Spring” III Xалқаро юридик форуми ўз ишини давом эттирмоқда.
Форумнинг иккинчи иш кунида соҳа мутахассислари сессияларга бўлинган ҳолда турли мавзуларни муҳокама қилмоқда.
Сессиялардан бирида Ўзбекистонда аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиши учун яртатилган шарт-шароитлар ҳақида ҳам сўз борди.
– Давлат хизматларини кўрсатишда “фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”, тамойили белгиланди, – деди адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев. – Амалга оширилган ҳуқуқий, ташкилий комплекс чоралар натижасида давлат хизматлари марказлари аҳоли муаммоларини ҳал қилишнинг, давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни соддалаштиришнинг марказига айланди.
ДХМ томонидан кўрсатилаётган хизматлар арифметик прогрессия суръатида ошиб бормоқда. Марказлар 2018 йил 1 январда фаолият бошлаган пайтда дастлаб 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозирда 280 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. 2022 йилда соҳада юзга яқин хизмат қўшилди.
Ҳар куни ўртача 40-45 минг фуқаро ДХМларга ташриф буюриб, хизматлардан фойдаланмоқда.
ДХМлар томонидан 48 миллиондан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди. Давлат хизматлари кўрсатишда талаб этиладиган ҳужжатлар сони 57 фоиз қисқартирилди.
Адлия вазирлиги мамлакат рақамлаштириш амалиётида мисли кўрилмаган ишни амалга оширди. Ўтган уч йил ичида ФҲДЁнинг 60 миллиондан ортиқ архив ҳужжатлари рақамлаштирилди. Натижада “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизимида оила таркибини аниқлаш имконияти яратилди.
Хизматлар сайёр тартибда ва “экстерриториал” тамойил асосида кўрсатилиши йўлга қўйилди. Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларга енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди. 2022 йил давомида 800 мингдан ортиқ сайёр хизмат кўрсатилди.
“Рақамли Ўзбекистон – 2030” Давлат дастури қабул қилингач давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш йўлга қўйилди. Хусусан фуқаролар томонидан онлайн тарзда фойдаланилган давлат хизматлари 2022 йил давомида 11,8 миллионтани ташкил этди.
2022 йил 1 августдан давлат хизматларидан фойдаланишда шахсни идентификация қилишнинг “Мобил-ID” тизими жорий этилди. Тизим ишга туширилганига кўп вақт бўлмаган бўлсада 750 мингга яқин фуқаро ушбу тизимдан фойдаланди.
Аҳоли ортиқча овора бўлишининг олдини олиш ҳамда идорама-идора сарсон бўлиб юришига йўл қўймаслик мақсадида хизматларни “комплекс тарзда” кўрсатиш йўлга қўйилди. Ўртача бир ойда 70 мингдан ортиқ туғилиш қайд этилаётган бўлиб, ушбу хизматни композит усулда кўрсатилиши натижасида аҳолини яна тўртта идорага 280 минг маротаба овора бўлиб боришига чек қўйилди. Натижада аҳолининг ҳар бир хизматдан фойдаланиш учун бошқа идораларга бориш-келиши билан боғлиқ 11 миллиард сўмдан ортиқ маблағи тежалди.
ДХМлар айни пайтда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар маркази ҳамдир. “Madad” ННТнинг ҳудудий бюроларга 2022 йилда мурожаат қилган 120 минг 530 нафар фуқарога бепул юридик ёрдам кўрсатилган.
Н.Абдураимова, ЎзА