“Саломатлик” поездларини ташкил этиш йўли билан чекка туманлардаги аҳолига тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш учун “Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларига 2023 йилнинг 16-22 май кунлари Тошкент – Қўнғирот – Жаслиқ – Қорақалпоғистон – Тошкент йўналишида “Саломатлик” поезди ташкил этилди.

2000 йил бошланган мазкур хайрли ташаббус доирасида тиббиёт мутахассислари томонидан олис жойлардаги  аҳоли доимий тарзда  чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Акциялар давомида ҳудудлардаги – Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Андижон вилоятлари тиббий ва ижтимоий муассасаларига шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда озиқ-овқат пакетлари, дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечаклар, ногиронлик аравачалари, тиббиёт жиҳозлари, витаминлар ва бошқа маҳсулотлар ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига инсонпарварлик ёрдамлари сифатида етказиб берилмоқда.

Ушбу хайрия акцияси давомида мутахассислар томонидан аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, ҳамюртларимизга, даволаш профилактика муассасаларига мурувват юклари етказилмоқда.

Навбатдаги “Саломатлик” поезди учун “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан махсус вагонлар тақдим этилиб, юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент Жанубий вокзалидан йўлга чиқди.

Ушбу малакали шифокорлар билан бирга жойларда фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси ходимлари ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатяпти. Ушбу инсонпарварлик ёрдами озиқ-овқат, дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари, кўзойнаклар, витаминлардан иборат мурувват ёрдамларидан ташкил топган. Мазкур поезд режага кўра, белгиланган ҳудудлар билан бирга  фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси орқали ҳудуддаги марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплексларига,  кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб-интернатларига ўз ёрдамини кўрсатмоқда.


Н.Усмонова, ЎзА