5 май — Ибройим Юсупов таваллуд топган кун

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов шеърияти халқимизнинг ҳаёт тарзи, тарихий тараққиётига бевосита боғлиқ. Тадқиқотчилар таъкидлаганидек, унинг асарларини ўқиш бугунги кўп миллатли, кўп тилли дунёда қорақалпоқ халқининг минг йиллик теран тарихини ва ҳозирги ҳаётини, бой мазмунли турмуши билан миллий ўзига хослиги, маданияти, хулқ-атвори, урф-одатлари тўғрисида яқиндан танишиш имконини беради.

Ибройим оға қорақалпоқ поэзиясида муҳташам мактаб яратган буюк сиймо. Шоир бундай муваффақият калитини ижодга, шеъриятга жуда катта масъулият билан ёндашиш орқали қўлга киритди.

Ибройим оға, тилимиз орқали адабиётимизни, адабиёт орқали тилимизни бойитди, халқимизнинг дунёқарашини кенгайтириб, бетакрор ижоди орқали қалбларга гўзаллик уруғларини қадади. Шунинг учун ҳам у, ҳар бир шеърида сўз ва унинг маъноси, бир сўзнинг қайта такрорланмаслиги, таъсир кучи, халқ тилига яқинлиги ва тушунарлилиги ҳамда замон билан ҳамнафаслигига алоҳида эътибор берди. Шоир ижоди орқали тилимиз нуфузи янада ортиб, луғат бойлигимиз янада бойиди. Қисқача айтганда, шоир поэтикаси, унинг бошқаларга ўхшамайдиган образ яратиш усули, воқелик китобхонни кенг мушоҳадага чорлаши орқали адабиётимизда шеъриятни янги ва юксак чўққиларга олиб чиқди.

Бойтераксан ўсган эски томирдан,

Гўзаллигинг қил суғирган хамирдан,

Қорақалпоқнинг кўнгил қуши сайраса,

Сўз зарҳали хазинангдан топилган.

Мазкур мисраларга эътибор берсак, уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида ҳикматлардан иборат. У бутун ижодни мулкка, хазинага ўхшатади. Ишончимиз комил, бу хазинанинг сирини келажак авлодлар биздан ҳам чуқурроқ англаб етади, уни эъзозлайди ва юрак тўрида сақлайди. Чунки у ана шундай чуқур образли шеърларни яратиш учун ҳам қорақалпоқ тилининг бой имкониятларини янада юксалтиришни мақсад қилиб қўйган эди. Ҳар бир шеърини оддий ўқувчи учун ёзиши – шоирнинг бетакрор концепцияси эди.

Ватан, туғилган жойга атаб шеърлар яратиш Ибрайим оғанинг энг севимли мавзуларидан бири эди. «Кегайли», «Қора тол», «Толли жағисда (соҳилда)ги эсга олишлар», «Туғилган ер», «Овул, овул!», «Тол бўлибди толлари» каби бир қатор шеърлари қорақалпоқ адабиётидаги мазкур мавзудаги энг улуғ асарлар сифатида баҳоланади. Шоир бу шеърларида туғилган жойни чексиз меҳр ва муҳаббат билан ифода этадики, туғилиб ўсган овулининг толи, дарахтларини ҳам, юлғун-саксавулларини ҳам, бўян-қизил миясини ҳам, ҳайвонот ва наботот оламини ҳам, ҳатто ҳакка — қора қарғани ҳам гўзалликнинг, нафисликнинг, Яратганнинг инъоми сифатида куч-қудратнинг, қўним топган жойига нисбатан садоқатнинг юксак тимсоли сифатида кўрсата олди.

Ибройим оға, туғилган ерга шоирлик кўзи билан қарайди, фарзандлик муҳаббати билан тараннум этади. Шу боис ҳам, шоирнинг туғилган ер ҳақидаги шеърлари китобхон қалбида мангу муҳрланади:

Ёзда каналингда ўйнаб қирғалоқ,

Қишда музларингда ўйнаб сирғаноқ,

Кокили қирқилган, бўйни узунчоқ,

Қора бола эсингдами, Кегейли?

Мазкур шеърларни ўқиган сайин ўқигинг келади ва она юртга бўлган меҳр-муҳаббат мавж уради. Негаки, шеърда образлилик ва бошқа шоирларга ўхшамаган бетакрор бадиий маҳорат устунлик қилади. Таъкидлаш лозимки, шоир шеърларидаги китобхонларни ўзига тортадиган жиҳатлар фақатгина бу сифатлар эмас. Бу — оддийликдир! Туғилган ерга бўлган муҳаббат туйғулари халқ тилида, тушунарли ва оддий ҳамда табиий ҳолда ифода этиш Ибройим оғанинг ўзига хос ижодий услулидир.

Шоирнинг кўпгина асарларини миллий хулқ-атвор, менталитет, урф-одатларини яратиш эталони сифатида ҳам кўрсатишимиз мақсадга мувофиқ. Қора тол, чўгирма, қўбиз, саксовул сингари ва бошқа унсурлар миллий образ яратишда атрибут даражасида қолмади. Шоир уларга жудаям катта юк, масъулият юклайди ва уларни бадиий образ даражасига кўтаради. Шоирнинг битта «Қорақалпоқни кўп мақтама кўзича» шеърининг ўзи бутун қорақалпоқ халқининг миллий менталитетини шу даража очиб берган, бу шеърдан ҳар ким ўзини ахтаради, ўзини кўргиси келади ва ўз навбатида, ҳар бир китобхон қалбида фахр-ифтихор туйғусини пайдо этади:

Ёлғиз отин сўйиб бериб меҳмонга,

Яёв қолиб бу халқ кўплаб зориққан,

Шуни айтиб мақтасанг гар ўзига,

Ундан ҳам зўрини кўрсатадиган халқман.

Ибройим Юсупов ижодида инсон умрининг тасвирланмаган қирралари қолмагандай гўё. Чунки у умуминсоний ва миллий қадриятларни бир-биридан ажратмаган ҳолда образли куйлай олган. Айрилиқ, учрашиш, хайрлашиш, кўришиш, ҳижрон, қувонч ва қайғу каби туйғулар инсонларга хос бўлса-да, шоир бундай туйғуларни миллий колорит билан бойитиб, унга ўз халқининг менталитетини сингдириб юборади. Шоирнинг лирик қаҳрамони учун Ватан тушунчаси энг муқаддас тушунча бўлди. У Ватан деганда бутун мамлакатимизни — бутун Ўзбекистонни тушунди. Унинг «Ўзбекистон», «Навоийга», «Мен Тошкентни соғинаман кўрмасам», «Қизинг гўзал бўлсин, шоира бўлсин», «Мустақиллик майдонидан ўтганда» сингари қатор шеърларида Ўзбекистон диёрини самимий ва илиқ меҳр-муҳаббати ҳамда садоқати билан тараннум этди. Ибройим оға, Ўзбекистон, Ватан образини баландпарвоз сўзлар билан эмас, балки оддий, ҳаммага тушунарли, жўн тилда баён қилди. Бу эса шоирнинг буюклигини кўрсата олишга замин яратди:

Сайр этиб мен саҳар вақтда,

Кирдим бир ажойиб боққа,

Япроқлар ёпиниб овлоқда,

Булбулларла сирлашдим,

Шамол билан шивирлашдим.

Бу шеърда лирик қаҳрамон учун Ватан – бу унинг гўзал табиати, ўсимликлар, қушлар дунёси. Буларнинг ҳар бири китобхон учун қадрли, бетакрор, шунинг учун ҳам ўқиганинг сайин улардан завқ оласан. Қисқача айтганда, шоир шу юрт фарзанди сифатида Ватанга муҳаббат намунасини бадиий чизгиларда кўрсата олди.

Хўш, шоир ва у яратган асарларнинг умумхалқ меҳр-муҳаббатига сазовор бўлишдаги сир-синоати нимада? Биринчи навбатда шоир ўз асарлари орқали ўқувчилар қалбига йўл топа олди. Унинг асарларида халқимизнинг умумлашган образи шундай моҳирлик билан ифода этилганки, шоир бу образни миллий ифода ва безовлар билан безади, уни меҳр нури билан жонлантирди, ёғдулантирди. Ибрайим Юсупов ўз ўқирмонларига Ватанга муҳаббат руҳида яшаш туйғуларини сингдирди. Унинг шеъриятида туғилган ерга буюк муҳаббат туйғулари доим барқ уриб туради.

Шоир асарларида оптимистик руҳ ҳам устувор. У халқимизнинг ёрқин келажагига ўзини ҳам, ўқувчиларини ҳам ишонтира олди. Ибройим оға башорат қилганидек, халқимиз келажагига ишонч Мустақиллик шамоли туфайли янада юксалди. Шоирнинг бу йиллардаги шеърлари ўзига хос фахр-ифтихор туйғулари билан ёзилди:

Озгина йил сабр этинг,

Бу ер хали зўр бўлади,

Зар қадрини билиб заргар,

Шундай замон келган пайтда,

«Ижарага оз-моз ер бер»,

деб ялинар дунё бизга…

Буюк ижодкор қорақалпоқ адабиётида лирик, лиро-эпик, драматик, насрий асарлари билан ўчмас из қолдирди. Қорақалпоғистон Республикаси мадҳиясини яратди. Дунё мумтоз адабиёти вакилларининг бир қатор асарларини қорақалпоқ тилига моҳирлик билан таржима қилди. Ибройим оға, қорақалпоқ назмини жуда баланд чўққиларга олиб чиққан бетакрор сиймо, бадиий сўз санъаткоридир. Шу боис ҳам шоирни бутун халқимиз ўз даврида ҳам, бугун ҳам, келажак авлод ҳам юксак эҳтиром билан тилга олади, эътироф этади. У яратган бетакрор асарлар эса бугунги ва келажак авлодлар учун тарбия ва ибрат мактаби бўлиб хизмат қилаверади.

 

Қуанишбой ОРАЗИМБЕТОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги