Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Тўрткўл туманида 15 бола бир болани аёвсиз калтаклагани айтилмоқда” сарлавҳали видео хабар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси расмий муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатларга кўра, 2023 йилнинг 24 апрель куни тахминан соат 16:00 ларда фуқаро И.И. бошқарувидаги “Malibu” русумли автотранспорт воситасида 1 гуруҳ ногирони Д.Б. бошқарувидаги “Spark” русумли автотранспорт воситаси орқасидан қувиб келиб тўхтатади. “Нега мени йўлда қисиб кетдинг” деган баҳона билан болаликдан ногирон, икки оёғи ишламайдиган Д.Б.ни юзларига қўллари билан уриб, тан жароҳати етказиб, воқеа жойидан кетган.

Фуқаро Д.Б. ўзининг калтакланганлиги ҳақида акаси Д.М. ҳамда укаси Д.А.ларга хабар берганидан кейин ака-укалар вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида И.И.ни телефон орқали туманнинг «Ёшлик» маҳалласидаги Самарқанд кўчаси бўйида жойлашган боғ олдида учрашувга чақиришган. Шу куни соат 18:00 ларда учрашувга И.И. таниши Б.У. билан бирга борганида, ака-укалар Д.М. ва Д.А.лар “ногирон укамни нега урасан” деб, И.И. билан ўзаро тортишиб, уни уриб тан жароҳати етказишган.

Мазкур ҳолат назоратга олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг 2023 йил 29 апрелдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармаси иш юритувига топширилди. Тергов натижасига кўра, ҳар иккала томоннинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири