Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг негизида “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизматининг маълум қилишича, мусобақанинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Ватанпарвар” ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши аъзолари, бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, чақирувга қадар ёшларни тайёрлаш фани ўқитувчилари ва ўқувчилар қатнашди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Халқ таълими вазирлиги ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий Кенгашининг қўшма қарорига асосан мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларидаги “Ватан таянчи” отрядларига аъзо бўлган битирувчи синф ўқувчилари ўртасида мудофаа вазирининг кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси мана уч йилдирки ёшларда ҳарбийликка ҳавас уйғотиб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшмоқда.

Ўқувчи-ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ёшларни спорт ўйинларига оммавий тарзда жалб этиш, соғлом турмуш тарзини одат қилишга ўргатиш, руҳан ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган ушбу беллашув ёшлар орасида оммалашиб, минглаб ихлосмандларини йиғишга улгурди.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилги “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт баҳсларининг финал босқичи якунига кўра Қорақалпоғистон Республикаси шарафини ҳимоя қилган Кегейли тумани ёшлари фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, мудофаа вазири кубогини Қорақалпоғистонга олиб келган эди.

Мусобақа низомига кўра беллашувда ҳар жамоадан 7 нафар ўғил ва 3 нафар қиз бола иштирок этиб, 1-шартида ёшлар пневматик милтиқдан назорат отиш машқи орқали мерганлик маҳоратини, “Ҳарбий эстафета” деб номланган 2-шартда иштирокчилар автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиши ва йиғиши, газга қарши ниқобни кийиши ва юк автомобилининг ғилдирагини айлантириб югуриш, 3-шартда  икки нафар иштирокчи 50 метр масофага замбилни кўтарганча югуриш ва маррада ётган шартли жабрланувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича маҳоратларини намойиш этди. Навбатдаги “Дуатлон” шартида ҳар жамоадан икки нафар иштирокчи ўрта масофага югуруши ва велосипед ҳайдаш, “Сафда қўшиқ айтиш” деб номланган кейинги шартда жамоалар сафда шаҳдам қадамлар билан юриб, ҳарбийча қўшиқларни жонли ижро этишди. “Темур тузуклари билимдони” деб номланган охирги шартда ўқувчилар 5 тадан саволга жавоб беришди.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида нутқ сўзлаган Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов бугунги кунда мамлакатимиз ёшларига бўлаётган эътибор, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ютуқларни эътироф этиб, ҳарбий округ ҳудудида мана шундай тадбирларни ўтказиш учун барча шароитлар бундан кейин ҳам яратиб берилишини таъкидлади.

Дастлаб мусобақа шартларида алоҳида кўрсатгичларга эришган ўқувчи-ёшлар ва жамоалар тақдирланди. Унга кўра “Энг кучли спортчи”, “Темур тузуклари билимдони”, “Моҳир мерган” каби бир қатор номинациялар бўйича ёшлар яккалик ва жамоавий тартибда мукофотланди.

Якуний натижаларга кўра, барча шартлар бўйича юқори натижа кўрсатган Кегейли тумани 41-умумтаълим мактабининг “Лочинлар” жамоаси шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Ўтган йилги мавсумда мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида биринчи ўринни қўлга киритган Нукус туманидаги 31-умумтаълим мактабининг “Акманғит” жамоаси бу сафар иккинчи ўринга лойиқ деб топилди. Қонликўл тумани 2-умумтаълим мактабининг “Лочин” жамоаси мусобақанинг мутлақ ғолиби бўлди.

Тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, дипломлар, фаҳрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мусобақада ғалаба қозонган Қонликўл тумани жамоаси эндиликда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири кубоги беллашувининг финал босқичида иштирок этиш имконига эга бўлди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА