Олий Мажлис Қонунчилик палатасида учрашув

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 4 апрель куни Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси ва Евроосиё Global TB Caucus гуруҳи ўринбосари Алисон Сатти бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорликка асосланган муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Икки давлат тузилмалари ўртасида ташкил этилаётган турли даражадаги мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги қонун ижодкорлиги, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлагани таъкидланди.

9.JPG

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов ва бошқалар меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан маълумот берилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида парламент назорати кучайтирилгани ижтимоий соҳада қонун ижодкорлигини мустаҳкамлаш имконини бераётгани қайд этилди.

Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзолари Ўзбекистонда ижтимоий соҳани ривожлантиришга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралаётгани, «Соғлом она – соғлом бола» тамойили асосида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.

10.JPG

Учрашувда аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, жумладан, юқумли касалликлар, силга қарши курашишда парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича тадбирларни биргаликда ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

Буюк Британия делегацияси аъзолари Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан таништирилди.

 

Улуғбек Шоназаров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА