Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 4 апрель куни Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси ва Евроосиё Global TB Caucus гуруҳи ўринбосари Алисон Сатти бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида ўзаро ишонч ҳамда манфаатдорликка асосланган муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Икки давлат тузилмалари ўртасида ташкил этилаётган турли даражадаги мулоқотлар мамлакатларимиз ўртасидаги қонун ижодкорлиги, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлагани таъкидланди.
Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзолари Ўзбекистонда ижтимоий соҳани ривожлантиришга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралаётгани, «Соғлом она – соғлом бола» тамойили асосида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Буюк Британия делегацияси аъзолари Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан таништирилди.